Жамият | 12:56 / 27.02.2026
2284
1 дақиқада ўқилади

Субсидия чиқариб беришни ваъда қилган менежер 96 млн сўм билан ушланди

Сирдарё вилоятида тадбиркорлик субъектларига микроқарзлар бериш билан шуғулланувчи МЧЖнинг Гулистон шаҳар филиали менежери уй-жой учун субсидия ажратилишини “танишлари орқали” ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, пул олган вақтда ушланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қамоққа олинди.

Маълум қилинишича, менежер ҳокимият тизимидаги мансабдор танишлари орқали Оқолтин туманида яшовчи фуқарога имтиёзли равишда уй-жой олиши учун субсидия маблағи ажратилишига ёрдам бериш эвазига 8 минг АҚШ доллари талаб қилгани айтилаётган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у 96 миллион сўмни олган вақтида ушланган.

Ҳозирда гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” банди ҳамда 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид