Ширин шаҳарчасида кундоши ва унинг қизларини пичоқлаган аёл жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Millar дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, 29 ёшли Н.Х. 6 йилдан буён эркак билан шаръий никоҳда яшаб келган. У эрининг қонуний никоҳидаги турмуш ўртоғи фарзандли бўлгани, ўзига эса фарзанд кўришга рухсат берилмагани ортидан доим жанжаллашган.

Н.Х. 2026 йил 29 апрел куни ўз уйидан ошхона пичоғини олиб, эркакнинг хонадонига борган ҳамда унинг қонуний аёли ва фарзандларига ҳужум қилган. Судланувчи кундошига 9, унинг 5 ёшли қизига 2 ҳамда 3 ёшли қизига 1 маротаба пичоқ урган. Оқибатда аёл ва 5 ёшли қизи вафот этган. Оғир тан жароҳати олган 3 ёшли қизалоқ шифохонага ётқизилган.

Image

ЖИБ Ширин шаҳар суди ҳукми билан Н.Х. қасддан одам ўлдириш ва қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш жиноятларини содир этишда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланган ҳолда 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.

Kun.uz ушбу жиноят ҳақида аввалроқ хабар берганди.

“У аёл бир неча бор куёвимга бориб хотинингни ўлдираман деб айтган экан. Куёвим қўлингдан келмайди, деган. Мана, нима бўлди, қизим ва неварамдан айрилдим. Қизимнинг 4 фарзанди бор эди. 8 ёшли ўғли ва 20 кунлик чақалоғи қолди”, деганди марҳуманинг отаси.

Шунингдек, Kun.uz ушбу мудҳиш қотиллик ҳақида репортаж тайёрлаганди. Унда марҳуманинг яқинлари аёлнинг узоқ йиллар давомида оилада руҳий ва жисмоний босимга учраганини билдириб, эркакка ҳам жазо талаб қилишганди.