Иқтисодиёт | 14:34 / 04.03.2026
2857
4 дақиқада ўқилади

Европада газ нархи сўнгги уч йилдаги энг юқори даражага етди

Европада биржада газ нархи 3 март куни қарийб 60 еврога чиқди — бу олдинги кунга нисбатан учдан бирга қиммат ва 2023 йил февралдан бери энг юқори кўрсаткич. Бир кун олдин QatarEnergy компанияси Эрон ҳужумлари сабаб СТГ ишлаб чиқаришни тўхтатганини эълон қилган эди.

Фото: Priit Mürk/ERR

Нидерландияда жойлашган, Европадаги энг йирик биржа газ ҳаби ҳисобланган TTF'да газ етказиб бериш бўйича апрел фючерс шартномасининг қиймати 3 март, сешанба куни эрталаб 1 мегаватт-соат учун 59,44 еврогача кўтарилди, деб хабар берди dpa агентлиги. У қайд этганидек, бу олдинги кунга нисбатан 30 фоизга юқори ва 2023 йил февралдан бери рекорд даража.

1 март куни Қатарнинг миллий нефт-газ компанияси QatarEnergy — у дунёдаги суюлтирилган табиий газ (СТГ) таклифининг тахминан 20 фоизини таъминлайди — Қатардаги Рас-Лаффан ва Месаид шаҳарларида жойлашган ўз саноат объектлари Эрон томонидан ўққа тутилиб, ҳужумга учрагани сабаб СТГ ва унга боғлиқ маҳсулотлар ишлаб чиқаришни тўхтатишини маълум қилди. Компания ишлаб чиқаришни қачон қайта бошлашини айтмади. Бу хабар фонида жаҳон газ нархлари кескин ўсишни бошлади.

Ҳафта бошидан бери Европада газ нархлари 80 фоиздан кўпроққа ошди. Бироқ ўсиш ҳали ҳам тўрт йил аввал, Россия Украинага кенг кўламли бостириб киришни бошлаган давр бошида кузатилган даражадан паст: ўша пайтда TTF ҳабида нархлар қисқа вақтга 1 МВт-соат учун 300 евродан ҳам ошган эди.

Шимолий денгизда қазиб олинадиган Brent маркали нефт нархи 3 март куни эрталаб 8 фоиздан кўпроққа ошиб, баррели 85,12 доллар (73,38 евро) даражасига етди — бу 2024 йил июлидан бери энг юқори кўрсаткич. АҚШ нефтининг асосий тури ҳисобланган West Texas Intermediate ҳам 7 фоиздан кўпроққа ўсиб, баррели 76,47 доллар (тахминан 65,92 евро) бўлди.

Эрон 28 феврал куни — унга қарши Исроил–АҚШ ҳарбий операциясининг биринчи куни — дунё нефт таъминотининг тахминан 20 фоизини таъминлайдиган Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатновини тўсишни бошлади. Бу акваторияда бир неча нефт танкерларига қилинган ҳужумлар ҳақида ҳам маълум бўлди.

Исроил ва Қўшма Штатлар 28 феврал куни эрталаб Эрон ҳудудига зарбалар беришни бошлади. АҚШ президенти Доналд Трамп Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш нияти борлигини билдирди. У Эрон армиясини қуролни ташлашга, мамлакат аҳолисини эса “тақдирини ўз қўлига олишга” чақирди.

Эрон давлат ОАВ 3 март куни Эрон Қизил Ярим ой жамияти маълумотларига таяниб, зарбалар натижасида мамлакатда камида 787 киши ҳалок бўлганини хабар қилди. Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ва бир неча юқори лавозимли куч тузилмалари вакиллари ҳалок бўлгани тасдиқланган. Эрон жавобан Исроилга, шунингдек Форс кўрфазидаги бир неча давлат ҳудудига зарбалар берган — у ерларда ҳам ҳалок бўлганлар бор. Теҳрон араб давлатлари билан уришмаяпмиз, деб таъкидламоқда ва минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига зарба бераётганини айтади.

Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши уруши нафақат нефт ва газ нархларининг кескин ошишига, балки Яқин Шарқда авиақатновнинг издан чиқишига ҳам олиб келди — минтақада ўн минглаб сайёҳлар қолиб кетган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид