“Ўзбекистон-2030” стратегияси ижросининг 2026 йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган матбуот анжуманида Kun.uz табиий газ қазиб олиш бўйича стратегик кўрсаткичлар нега 62 миллиард куб метрдан 48,5 миллиард куб метрга туширилгани ҳақида савол берди. Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров газ қазиб олиш пасайишига “ҳам объектив сабаблар, ҳам бошқарувдаги хатолар” таъсир қилганини айтди. Бироқ стратегик мақсад айнан қандай таҳлил асосида қайта кўриб чиқилгани ҳақидаги саволга аниқ жавоб берилмади.

21 август куни “Ўзбекистон-2030” стратегияси ижросининг 2026 йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Kun.uz журналисти стратегия дастлаб қабул қилинганида (2023 йилда) 2030 йилга бориб табиий газ қазиб олишни йилига 62 миллиард куб метрга етказиш мақсади белгиланганини, бироқ 2026 йил февралида киритилган ўзгартиришлар билан бу кўрсаткич 48,5 миллиард куб метрга туширилганини эслатди.

2025 йилда мамлакатда 42 миллиард куб метр газ қазиб олинган бўлса, энди стратегияда 2026 йил учун бундан ҳам пастроқ кўрсаткич - 40,2 млрд куб белгиланди.

Шунингдек, ер қаъридан фойдаланганлик учун берилган солиқ имтиёзларига қарамасдан, олтин, мис қазиб олиш камайди, табиий газ бўйича қазиб олиш ҳажмлари йилдан йилга пасайиб боряпти. Агентлик томонидан эълон қилинган ҳисоботда ҳам олтин, мис ва кумуш ишлаб чиқаришга оид режаларда кечикиш бўлгани қайд этилган.

Image

Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров эса бу саволлар “фундаментал масалалар” эканини таъкидлади. Унинг айтишича, энергетика соҳасидаги муаммолар иқтисодиётнинг рақобатбардошлигига бевосита таъсир қилади.

“Қўлимдан келганда, албатта жавоб берган бўлардим. Чунки сиз қўяётган масалалар жуда ҳам фундаментал масалалар. Биринчидан, энергетика соҳасида самарадорлигини йўқотган мамлакат, ўзининг “self-sufficiency”, яъни ўзи учун керакли бўлган энергетика ресурсларини ишлаб чиқаришга қодир бўлмаган мамлакат, биринчи навбатда жуда ҳам катта иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини йўқотади. Шунинг учун ҳам сиз қўяётган масала энг юқори масалалардан биттаси”, — деди у.

Абдуқодиров газ қазиб олиш пасайишига ҳам объектив, ҳам субъектив омиллар таъсир қилганини айтди.

“Табиий газ ишлаб чиқариш соҳасидан келадиган бўлсак, бу ерда объектив сабаблар ҳам бор, жуда катта ва бошқарувда йўл қўйилган хатолар ҳам бор. Энди ўзинглар кўрдинглар, яқиндагина раҳбарлар алмаштирилди, бошқарув системаси қайта кўриб чиқиляпти ва ўйлайманки, бу соҳада позитив ўзгаришлар бўлади”, — деди у.

Бироқ агентлик вакили бу борадаги аниқ саволларга жавоб бериш ваколати ўзида йўқлигини билдириб, журналистларга ёзма мурожаат юборишни таклиф қилди.

Абдуқодиров айрим маълумотларни очиқлаш мумкин эмаслигини ҳам таъкидлади.

“Шундай соҳалар борки, у ерда баъзи саволларга тўғри жавоб бериб бўлмайди, чунки у давлат сири. Айниқса газ соҳасида. Мен сизга тушунтириб берсам бўлади кейин, чунки у ерда жуда кўп масалалар бор. Лекин умумий очиқ маълумотлар асосида қанча газ қазиб олинди, нима учун деган саволингизга ҳам жавоб берса бўлади. Лекин баъзи ўша соҳадаги маълумотлар сир бўлади. Уни очиқ-ойдин айтиб бўлмайди”, — деди у.

Image

Агентлик вакили бунга мисол сифатида 2022 йил январидаги мамлакат миқёсидаги блэкаутни келтирди.

“Адашмасам 2022 йил 6 январда бўлган блэкаутда қайси соҳа энг катта зарар кўрди? Мен сизга айтаман, газ ишлаб чиқариш соҳаси. 12 та компрессоримиз давлатнинг 70 фоиз газ қазиб олиш потенциалини белгилаб берадиган компрессорлар эди. Бешта манбадан ток келади. Бешта манбадан биронтаси ишламаган. 12 та компрессор станциялари токсиз қолди. Газ 3000 метр пастга тушиб кетди, компрессор ишламагандан кейин. У пастга тушгандан кейин сув билан қўшилиб кетади. Уни яна қазиб олиш даражасига қайтариш осон эмас. Бу ерда баъзан объектив, баъзан субъектив ва бошқа сабаблар ҳам бор”, — деди у.

Шунингдек, у газ қазиб олиш истиқболлари геология-қидирув ишларига етарли эътибор берилмагани билан ҳам боғлиқлигини қайд этди.

“Бугунги кунда газ қазиб чиқиш потенциали мавҳум. Чунки биринчи навбатда газнинг янги конларини очиш керак. Ҳозир фақат Қорақалпоғистонда бу ишларда натижага эришдик. Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро вилоятларида олиб борилган геология-разведка ишлари ҳали ўзининг катта натижасини бергани йўқ. Кичик-кичик конлар очиляпти. Лекин мамлакат истиқболини белгилаб берадиган нефт ва газ конлари ҳали очилгани йўқ. Геология-разведка харажатлари бугунги кунда 1 миллиард доллардан ортиқ”, — деди Абдуқодиров.

Жавобдан сўнг Kun.uz агентликнинг ўзида бу борада таҳлиллар мавжуд ёки йўқлигига аниқлик киритишни сўради. Бунга жавобан Абдуқодиров агентликда таҳлиллар борлигини айтди.

“Биринчидан, таҳлил бизда бор ва биз ҳам очиқ ресурслардан фойдаланишга мажбурмиз. Чунки яширилган ресурсларга бизларда баъзан доступ бўлади, баъзан доступ бўлмайди. Бугунги кунда биз очиқ маълумотлардан ва қўлимиздаги ресурслардан фойдаланиб, ҳар битта соҳанинг портретини яратяпмиз. Соғлиқни сақлаш, сиз айтган конлар, металлургия соҳаси ва 12 дан ортиқ йўналиш бўйича шундай портретлар тайёрланган”, — деди у.

Миллий статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2026 йилнинг 1 ярим йиллигида табиий газ, нефт ва газ конденсати қазиб олиш камайишда давом этган. Январ-июн ойлари давомида табиий газ қазиб олиш 18,3 млрд кубометрни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос давридагига (21,8 млрд) нисбатан 16 фоизга ёки қарийб 3,5 млрд кубометрга кам.

“Ўзбекистон-2030” стратегиясига кўра, Ўзбекистонда газ қазиб олиш миқдори 2026 йилда ҳам қисқариб, кейинги 4 йил давомида босқичма-босқич ўсиб бориши прогноз қилиняпти.

2026 йил феврал ойида янгиланган ҳужжатга кўра, жорий йилда 40,2 млрд куб метр газ қазиб олиниши кутиляпти. Бу 2025 йилга нисбатан 3,6 фоизга ёки 1,5 млрд куб метрга кам. Эътиборга молик яна бир жиҳат: ўтган йил якунларига кўра Миллий статистика қўмитаси газ қазиб олиш ҳажмини 42,3 млрд куб метр сифатида кўрсатганди. Бу натижа 41,7 млрд куб метрга пасайтирилган.

“Ўзбекистон-2030” стратегиясига кўра, Ўзбекистонда газ қазиб олиш миқдори 2026 йилда ҳам қисқариб, кейинги 4 йил давомида босқичма-босқич ўсиб бориши прогноз қилиняпти.

2026 йил феврал ойида янгиланган ҳужжатга кўра, жорий йилда 40,2 млрд куб метр газ қазиб олиниши кутиляпти. Бу 2025 йилга нисбатан 3,6 фоизга ёки 1,5 млрд куб метрга кам. Эътиборга молик яна бир жиҳат: ўтган йил якунларига кўра Миллий статистика қўмитаси газ қазиб олиш ҳажмини 42,3 млрд куб метр сифатида кўрсатганди. Бу натижа 41,7 млрд куб метрга пасайтирилган.