Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Поп тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда «Поп тумангаз» оператори Н.Р. ҳамда муқаддам судланган фуқаро П.З. фуқаролар З.Ю. ва С.Ю.нинг хонадонларига табиий газ тармоғини тортиб келиш ва рухсатнома олиб беришни ваъда қилгани аниқланган.
Маълум қилинишича, улар бу ишни гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб бериш эвазига 2 100 АҚШ доллари сўраган.
Шундан 200 доллар аввал фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган. Тезкор тадбир давомида эса гумонланувчилар қолган 1 900 долларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув давомида Н.Р. томонидан аввал олинган 200 доллар қайтарилган ва бу процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.









