Британиянинг The Telegraph газетаси 23 август куни Европа бўйлаб мудофаа саноати корхоналарига қарши диверсиялар уюштирилаётгани ҳақида материал эълон қилди.
Нашр суҳбатлашган махсус хизматлар вакилларининг фикрича, бундай ҳужумлар НАТО шартномасининг 5-моддаси ишга тушишига олиб келмайдиган даражада режалаштирилаётган бўлиши мумкин. Мазкур модда алянс аъзоларидан бирига қилинган қуролли ҳужумни барча аъзоларга қилинган ҳужум сифатида баҳолашни назарда тутади.
Эстония, Италия, Болгария ва Чехиядаги ҳодисалар
The Telegraph сўнгги вақтларда Европа давлатларида мудофаа саноати объектларида кузатилган бир нечта ҳодисага эътибор қаратган.
Жумладан, Эстонияда 15 август куни Таллиндаги Milrem Robotics мудофаа компанияси биносига қасддан ўт қўйишда гумон қилинган уч киши қўлга олинган. Уларнинг икки нафари ҳибсга олинган.
Milrem Robotics Украина Қуролли кучлари учун учувчисиз ерусти аппаратларини етказиб беради.
Шунингдек, август ойида Италия ва Болгариядаги йирик қурол-яроғ ишлаб чиқариш корхоналарида портлашлар содир бўлгани қайд этилган.
Бундан ташқари, жорий йилда Чехияда Украина учун дронлар ва тепловизион оптика ишлаб чиқарувчи заводда йирик ёнғин чиққан. Олов корхонани деярли тўлиқ йўқ қилган, ҳодиса юзасидан тўрт киши қўлга олинган.
Жиноий гуруҳлар воситачи сифатида ишлатилиши айтилмоқда
The Telegraph маълумотларига кўра, бундай ҳодисаларни бевосита Москва билан боғлаш имконини берадиган далиллар камдан кам ҳолларда қолдирилади.
Нашрнинг ёзишича, Россия Бош штаби Бош бошқармаси офицерлари Европа мамлакатларидаги жиноий гуруҳлар билан алоқа ўрнатиб, уларнинг айрим аъзоларидан воситачи сифатида фойдаланиши мумкин.
Алоқа ўрнатиш ва вазифаларни етказишда Telegram каби мессенжерлардан фойдаланилиши, топшириқларни бажарувчиларга эса криптовалюта орқали ҳақ тўланиши айтилмоқда. Газетага кўра, айрим ижрочилар топшириқ ортида ким турганини ҳатто билмаслиги ҳам мумкин.
Нашр Москва бундай ҳаракатлар орқали НАТО иттифоқчилари ўртасида келишмовчилик келтириб чиқаришга ва альянснинг эҳтимолий жавобини синаб кўришга уринаётган бўлиши мумкинлигини ёзган.














