Ўзбекистон Эрондан нима сотиб олади ва унга нима сотади? Ташқи савдомизда бу мамлакатнинг ва ундан ўтувчи транзит юкларининг ўрни қай даражада? Шу каби саволларга Kun.uz студиясида экспертлар Наргиза Умарова ва Умрбек Юсупов жавоб беришди.

Охирги ҳафталарда Афғонистон–Покистон ҳамда АҚШ/Исроил–Эрон зиддиятлари қуролли тўқнашувларга айланиб кетди. Жанубдаги қўшниларимизда кузатилаётган нотинчлик Ўзбекистон учун энг камида иқтисодий оқибатларга эга бўлиши тайин.

Хўш, бу қандай оқибатлар ва уларнинг кўлами қанақа бўлади? Олтин нархи ошиши билан боғлиқ плюслар йўқотишларни қанчалик компенсация қила олади?

Kun.uz бу саволларга Истиқболли халқаро тадқиқотлар институтининг Стратегик боғлиқлик маркази раҳбари Наргиза Умарова ҳамда Прогрессив ислоҳотлар маркази эксперти Умрбек Юсуповдан жавоб олди.

– Ҳозирги кескинлик Ўзбекистоннинг қайси савдо коридорларига катта хавф туғдирмоқда. Бу ташқи савдомиз учун нимани англатади?

Наргиза Умарова: Эрон, Покистон ва Афғонистон биз учун стратегик ва устувор аҳамиятга эга бўлган жанубий транзит йўналишининг асосий иштирокчилари ҳисобланади. Улар жанубий транзитни таъминлаб берувчи давлатлар сирасига киради. Эрон аслида анъанавий равишда барқарор ва хавфсиз транзит давлати ҳисобланади. Биз биламиз, ўтган йили ҳам ёз ойида 12 кунлик уруш туфайли энг йирик порти — Бандар Аббосга зарар етган эди. Ҳозир ҳам беқарорлик кузатилмоқда. Доимий равишда Эрон шу имкониятни таъминлаб берган, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари учун ҳам.

Охирги йилларда бизнинг стратегик лойиҳамиз бор — 2018 йилдан трансафғон йўлини қуришни ташкил этдик. Бу лойиҳада иштирокчи уч давлат бор: Ўзбекистон ташаббускор, шунингдек, Афғонистон ва Покистон. Динамикани кўрадиган бўлсак, ҳам Афғонистон, ҳам Покистон билан, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада алоқалар жуда ҳам жадал ривожланмоқда. Ўтган йил, 2025 йил натижаларига кўра, Афғонистон Ўзбекистоннинг ТОП ўнталигига кирди, умумий савдо айланмамиз 1,7 млрд долларни ташкил қилди. Покистон ва Эрон ҳам Ўзбекистон учун ТОП йигирматаликка киради.

Сиз айтаётган масала — транспорт коридорлари ва транзит коридорлари масаласи. Ҳозир бу борада Эроннинг позицияси мустаҳкам, Эрон дунёнинг 15 мамлакати билан чегарадош. Тарихан ҳам Эрон доим транзит боғловчи бўлиб келган — Буюк ипак йўли давридан, ўрта асрлардан бери. Эрон билан бизнинг алоқаларимиз интенсивлашган, бу жараён 2018 йилдан бошланди.