Visual Capitalist инфографикасида келтирилишича, 2024 йилда Хитойда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий қиймати 1,9 триллион АҚШ долларини ташкил этган. Бу жаҳон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий қийматининг 36 фоизига тенг.
Таъкидланишича, Хитойнинг аграр иқтисодиёти ҳатто рейтингда кейинги уч ўринни эгаллаган Ҳиндистон, АҚШ ва Бразилиянинг умумий ишлаб чиқариш ҳажмидан ҳам юқори.
Дунёда 190 дан ортиқ мамлакат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришига қарамай, айнан Хитой, Ҳиндистон, АҚШ ва Бразилия биргаликда жаҳон аграр маҳсулотлари қийматининг қарийб 60 фоизини таъминлайди.
Мутахассислар буни ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос ривожланиш модели билан изоҳламоқда. Хитой ва Ҳиндистон улкан ички озиқ-овқат тизимлари орқали қарийб уч миллиард аҳолини озиқ-овқат билан таъминлайди.
АҚШ эса юқори технологиялар, механизация ва юқори ҳосилдорлик ҳисобига етакчи ўринларни сақлаб келмоқда. Бразилия эса экспортга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги сиёсати орқали дунёдаги энг рақобатбардош агросаноат мажмуаларидан бирини шакллантирган.
Европада эса қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши бир мамлакатда эмас, балки бир нечта йирик иқтисодиётлар ўртасида тақсимланган. Минтақада Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми бўйича етакчилик қилади.
Бу, аввало, мамлакатнинг кучли ғаллачилик тармоғи билан изоҳланади. Россия буғдой экспорти бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаб, арпа ва кунгабоқар мойи экспортчилари қаторида ҳам етакчилардан бири ҳисобланади.
Франция, Германия, Италия ва Испания эса асосан юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар — сут маҳсулотлари ва зайтун мойи ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Таҳлилчиларнинг қайд этишича, жаҳоннинг энг йирик аграр давлатлари ишлаб чиқариш ҳажми бўйича рақобатлашаётган бир пайтда, Европа мамлакатлари қайта ишланган озиқ-овқат ва ичимликлар ҳамда юқори даромад келтирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сегментида ўзининг мустаҳкам ўрнини сақлаб қолмоқда.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида қайси давлатлар етакчилик қилмоқда?
08:17 / 06.08.20262 8702 мин
Жаҳонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5,2 триллион долларга етди. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотлари асосида тузилган янги рейтингга кўра, Хитой ушбу соҳада мутлақ етакчи бўлиб, дунёда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг учдан бир қисмидан ортиғини таъминламоқда.









