Актёр Меҳриддин Раҳматов отасидан олган тарбия, ҳалоллик қадриятлари ва бугунги кунда уни ўйлантираётган масалалар ҳақида очиқ гапирди.
Kun.uz таниқли санъаткорлар билан суҳбатларини давом эттиради. Подкаст меҳмони ўзбек театр ва кино санъатида кўплаб роллари орқали томошабинлар эътиборини қозонган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳриддин Раҳматов бўлди.
“Тепа”дагилар оч қолишарди
“Бизда нимаики бўлса бу отамиздан, онамиздан. Буни рад этишга ҳаққимиз йўқ. Ота-она танланмайди, биз ўз-ўзимиздан бу даражага эришмаймиз. Чунки улар биринчи ўринда туради. Ҳозир қандай даражага эришган бўлсам, жуда катта меҳнатлари сингган деб ўйлайман. Бунга сабаб – отамнинг берган ҳалол луқмаси деб ўйлайман. Отам оддий шофёр бўлиб ишлаганлар. У пайтда “колхоз” бўларди, шунда шофёрлик қилганлар. Отамнинг битта хусусиятлари луқма масаласига жиддий қараганлар. Ўша пайтда қирқта шофёрга бошлиқ қилиб қўйишган. Отамдан олдин бошлиқ бўлган одам “участка”лар қурди. Кейин мажбурлаб отамни қўйишди. Бир куни кечқурун отам билан онамнинг суҳбатларини эшитиб қолдим. Онам айтяптилар “сиз ҳам бир йўлини қилинг, уйни қайта қуриш керак” десалар, отам “қилолмайман” дедилар. Олти ой ишладилар. Қўлларида қирқта шофёр бўлса, бир кунда ҳар бири икки сўмдан топса, бир сўмини берса қирқ сўм бўлади. Шунинг йигирма сўмини “тепага” бериб, йигирма сўмини олиб қолиш керак бўлган. Шунақа порани битта тури бўлган. Шуни қилмадилар, ололмадилар ва беролмадилар. Уйниям қайтадан қурмадилар. Ҳалол меҳнатим билан шуни қилдим, бўлди бошқасини қилмайман дедилар. Олти ойдан кейин бўшатишди, чунки бўшамасалар улардан тепадагилар оч қолишарди.
Ҳар куни кечқурун шундай суҳбатни эшитганман, “Ҳалол луқма” деган ҳикоя ҳам ёзганман. Ҳозир Меҳриддин бўлиб юришим – дадамнинг берган ҳалол луқмасидан деб ўйлайман. Давлатники бўлсаям – хиёнат қилмасдан, “давлатнинг мулки, еса бўлади” демасдан, емаганликлари ва бировга едирмаганлари учун ҳозир Меҳриддин бўлиб ўтирибман”.
Вайнлар ҳақида
Ёшлар ва замонавий контент, хусусан, вайнлар ҳақида гапирар экан, актёр бу йўналишга нисбатан танқидий, бироқ мувозанатли муносабат билдирди:
“Вайнлар вақтинчалик, буларнинг орқасида фақат пул ётибди. Буларнинг ҳам яхшилари бор. Мен ўзим ўйнаганларим бор. Келинг, ман буларни ажратмайман. Баъзи танланаётган мавзулар ёшларга мотивация сифатида яхши нарсаларни беряпти. Уларниям вақти бор. Халқ зерикади”.
Суҳбат давомида Меҳриддин Раҳматов инсонда кам учрайдиган фазилатлар, хусусан, фаросат ҳақида фикр билдирди. У ўз ҳаётида бу қадриятларни шакллантиришда отасининг ҳалолликка қатъий амал қилгани ҳал қилувчи аҳамият касб этганини таъкидлади.





