Фотима Назарова, Шаҳзода Албаева ва Комила Муродовани нафақат вайнлар, балки оғир ҳаёт синовлари ҳам бирлаштирган. Бири саҳнада тан олинмаган, бири тўрт нафар фарзандини катта қилиш учун курашган, яна бири болаликдаги буллинглар сабаб актрисалик орзусига етишишни мақсад қилган. Улар қийинчиликларни юморга айлантириб, ижтимоий тармоқларда ўз аудиториясини топди. Аммо даромадга муҳтож бўлса ҳам, дори, клиника ва ишончсиз қурилишлар рекламасидан воз кечишини айтмоқда.

Kun.uz халқ орасида ўз аудиториясига эга бўлаётган учлик Соҳиба қалпоқ, Комилалоло ва Шаҳзода Зарифжоновна тахаллуси билан фаолият юритаётган вайнерлар билан суҳбатлашди.

"Уч қисмат – бир дард!"

Дард! Кўзёшлар ва яшаб қолиш учун кураш! Баъзан ҳаёт синовлари кимнингдир қаддини эгиб қўйса, баъзилар эса қайта оёққа туриш учун тинимсиз меҳнат қилади. Бизнинг орамизда шундай инсонлар борки, уларнинг йўлларини дард бирлаштирган. Ҳар қандай қайғуни кулги билан енга олган. Танлаган касбида ишлаш учун жудаям кўп эшиклар олдида сарғайган бўлса-да, аммо саҳна уларни танламади. Ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши уларнинг истеъдодларини юзага чиқариш учун майдон бўла олди. Ҳатто улар билан гаплашишни истамаган, қадрини ерга урганлар бугун ич-ичидан уларнинг қайта оёққа турганига жимгина тан беришгани ҳақиқат!

Бугунги суҳбатдошларимиз шак-шубҳасиз юқоридаги эътирофларга лойиқдир. Вайнерлар Фотима Назарова, Шаҳзода Албаева, Комила Муродова. Бу учлик бирлашишдаги олий мақсадлари яшаб қолиш учун кураш эканлигини беркитишмади. Оддий содда ўзбегим аёллари. Гарданидаги масъулият ўлароқ дардни юморга алмаштира олган бу опа-сингилларимиз, пулсиз қолсак-да “биз 3 турдаги рекламаларни оммага олиб чиқмаймиз” – дейишмоқда. Принципли улар.

Тан олиш керак бугунги кунда вайнларга кўпчиликнинг муносабати яхши эмас. Қабул қилишолмайди. Бир замонлар одамлар маҳаллада, чойхонада, тўй-томошаларда йиғилиб қолганда айтиладиган маиший муаммолар, бугун замон зайли билан интернетга кўчди. Кимдир бачканалик қилса, яна кимдир баъзи муаммоларни кулгига айлантириб тармоққа жойламоқда. Аслида интернет жанрларидан бирига айланган вайнлар дастлаб Францияда 1895 йилдан, бундан 131 йил олдин илк марта бор-йўғи 45 сониялик “L'Arroseur arrosé” (“Сув сепувчи”) номли комедик филм кўринишида тасвирга олинган. Воқеаси қуйидагича. Боғбон сув сепмоқда бир бола келиб, боғбоннинг шлангини босиб туриб, сув келишини тўхтатмоқда. Бир қарашда у қадар кулгили эмасдек. Аммо ўша давр учун бу ҳам янгилик ўлароқ, санъатда янги жанр пайдо қилган. Томошабинлар эса буни кулгили деб ҳисоблаган ва завқланишган. Давомийлиги нуқтаи назаридан ҳозирги вайнларга ўхшашроқ, сезгандирси?.. Яъни кино тарихидаги илк комедиялардан бири ҳозирги вайн билан деярли тенг бўлган.