Танлов якунида 30 нафар финалчи Тошкентга таклиф этилади. Бу ерда ўтказиладиган лойиҳа тақдимоти (pitching) натижаларига кўра 7 нафар ғолиба ўз бизнесини ривожлантириш учун пул грантлари билан тақдирланади.

Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган She’s Next глобал ташаббусининг биринчи босқичи бошланди. Лойиҳа Visa компанияси томонидан Ipak Yuli Bank билан ҳамкорликда, Рақамли технологиялар вазирлиги ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича Hamroh компанияси кўмагида амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва замонавий бизнес муҳитини шакллантиришнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда.

Ipak Yuli Bank бошқаруви раисининг ўринбосари Турсунбой Махкамов таъкидлаганидек, She’s Next ташаббуси шунчаки лойиҳа эмас, тадбиркор аёлларга билим, ресурслар ва ривожланиш имкониятларига етиб бориш имконини берувчи тўлақонли платформа ҳисобланади.

«Биз Ўзбекистонда аёллар ўртасида тадбиркорлик фаоллиги ортиб бораётганини кўряпмиз ва биз учун бу тенденцияни нафақат қўллаб-қувватлаш, балки уни ривожлантириш учун амалий механизмлар яратиш ҳам муҳим: молиялаштиришдан тортиб таълим дастурларигача. Visa билан ҳамкорлик ва She’s Next ташаббусининг ишга туширилиши бизнинг ESG-стратегиямиз бир қисми ҳамда тадбиркор аёллар билим, ресурслар ва янги имкониятларга эга бўладиган барқарор тадбиркорлик экотизимини шакллантиришга қўшилган ҳиссадир. Ишонамизки, ушбу ташаббус амалий платформага айланади ва кўплаб аёлларга ўз бизнесини ривожлантиришда навбатдаги қадамни қўйишга ёрдам беради», – дейди у.

Ўзбекистондан иштирок этувчи аёллар учун умумий мукофот жамғармаси 22 000 АҚШ долларини ташкил этади. Аризалар 2 апрелдан 24 майгача She’s Next платформасида қабул қилинади.

Ўзбекистонда She’s Next ташаббусининг биринчи босқичи «Boshlang!» шиори остида ўтмоқда. Visa компаниясининг Марказий Осиё бўйича вице-президенти ва минтақавий менежери Санжар Сулейманов таъкидлашича, 2019 йилдан буён мазкур ташаббус бутун дунё бўйлаб аёлларга ўз бизнесини йўлга қўйиш ва ривожлантиришда ёрдам бериб келмоқда.

“Бугун биз ушбу ташаббусни Ўзбекистонда Ipak Yuli Bank билан ҳамкорликда илк бор ишга тушираётганимиздан мамнунмиз. Ўзбекистон — катта ва жадал ривожланаётган бозор бўлиб, кучли тадбиркорлик салоҳиятига эга. Биз тобора кўпроқ аёллар бизнес йўлини танлаётганини кўряпмиз. Шу билан бирга, She’s Next ташаббусининг биринчи босқичини бошлаш доирасида меморандум имзоланиши мамлакатда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади. Умид қиламизки, бизнинг ташаббусимиз тадбиркор аёлларга ўз ғояларини кенгайтириш, қимматли билимлар олиш ва янги бозорларга чиқиш имконини беради. Ташаббуснинг биринчи босқичи «Boshlang! – Бошлашга жасорат!» шиори остида ўтаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки айнан биринчи қадамни қўйишга жасорат кўпинча катта ютуқ ва муваффақиятларга олиб боради”