Ўзбекистон | 09:05
3492
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг собиқ бош вазир ўринбосари вафот этди

Ўзбекистонда таниқли давлат ва жамоат арбоби, собиқ бош вазир ўринбосари Рим Абдулович Гиниятуллин 83 ёшида вафот этди. Унинг мамлакат тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилган.

Маълум қилинишича, Рим Гиниятуллин 2026 йил 19 апрель куни ҳаётдан кўз юмган.

У 1943 йил 18 сентябрда Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилган. 1963 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтини муҳандис-гидротехник мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида у Ўзбекистон қурилиш вазирлигида оддий ишчидан тортиб, уста ва бош муҳандис лавозимларигача кўтарилди. Кейинчалик сув хўжалиги соҳасида турли раҳбарлик вазифаларида ишлаб, катта тажриба тўплади.

Рим Гиниятуллин 1989–1996 йилларда мелиорация ва сув хўжалиги вазири, 1996–1997 йилларда эса Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари сифатида фаолият юритди. У сув ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш орқали мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган.

Шунингдек, у Оролни қутқариш халқаро жамғармасида ҳам фаол иштирок этиб, экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этган.

Унинг хизматлари давлат томонидан муносиб баҳоланиб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонлари, шунингдек, “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари билан тақдирланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш