Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 10-бош котиби 2026 йилда сайланади ва у 2027 йил 1 январдан бошлаб беш йиллик муддатга ўз вазифасига киришади.
Бош котиб бўлиш учун тўрт нафар номзод 21-22 апрел кунлари БМТга аъзо 193 давлат элчилари олдида уч соатлик савол-жавоб сессиясида иштирок этади. Шунингдек, улар Бош Ассамблея залида котиблик даври учун ўз дастурини тақдим этади.
БМТ Низомига кўра, Бош Ассамблея бош котибни Хавфсизлик Кенгашининг тавсияси асосида сайлайди. Бу эса беш доимий аъзо – АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Францияга қарор қабул қилишда вето ҳуқуқини беради.
Associated Press нашрининг ёзишича, анъанага кўра, бош котиб лавозими минтақалар бўйича алмашиб туради. Хусусан, айни вақтда дунёдаги энг катта халқаро ташкилотни 2017 йилдан буён Европа вакили – португалиялик Антонио Гутерриш бошқариб келмоқда. Антониу Гутерриш ғолиб бўлган 2016 йилдаги пойгада 13 нафар номзод иштирок этганди.

Унга қадар 10 йил давомида (2007-2017 йилларда) Осиё вакили – жанубий кореялик Пан Ги Мун БМТда котиб бўлган. Ундан олдинги ўн йилликда (1997-2006 йилларда) эса Африка вакили – ганалик Кофи Аннан БМТ бош котиби бўлган. Нашрнинг ёзишича, бу ёзилмаган қоидага кўра, энди навбат – Лотин Америкаси вакилига келиши керак. Лекин шу вақтга қадар Шарқий Европадан ҳеч ким бу лавозимни эгалламаган.
Кимлар номзод ва уларни қайси давлатлар тавсия қилди?
Reuters нашри БМТнинг амалдаги бош котиби ўрнини эгаллаш учун ўз номзодини кўрсатган даъвогарлар билан таништирди.
Рафаэл Гросси – 65 ёшли аргентиналик профессионал дипломат. У 2019 йилдан бери БМТнинг ядровий назорат бўйича органи (MAGATE) бош директори сифатида ҳамма жойда «ҳозир-у нозир» ва ўта фаол раҳбар сифатида танилди.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик узоқ вақтдан бери Эроннинг ядровий дастурини назорат қилиб келаётганди. Гросси 2018 йилда Доналд Трамп АҚШни битимдан чиқарганидан сўнг, Теҳрон ва йирик давлатлар ўртасидаги тарихий ядровий келишувнинг қисмларини сақлаб қолишга қаратилган музокараларга бошчилик қилди.












