Президент Шавкат Мирзиёев 22 апрель куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари ушбу жамғарма мамлакатлар мустақиллигининг илк даврида Марказий Осиёдаги сув билан боғлиқ, ижтимоий-иқтисодий ва экологик соҳалардаги энг муҳим масалаларни ҳал этиш учун ташкил этилган ноёб минтақавий тузилма бўлиб қолаётганини таъкидлади.
«Жамғарма минтақада сифат жиҳатдан янги давлатлараро муносабатларни қарор топтириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди. Йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик тизими туфайли Жамғарма Орол денгизи ҳавзаси сув ресурсларини келишилган ҳолда бошқаришни таъминлашга эришди. Марказий Осиёда сув тақчиллигининг кучайишига олиб келаётган иқлим ўзгаришлари ва сув истеъмоли кўпайиб бораётган шароитда Жамғарманинг роли ва аҳамияти янада ортиб бормоқда», деди Мирзиёев.
Экспертларнинг баҳоларига кўра, 2040 йилга бориб, Орол денгизи ҳавзасида сув ресурслари тақчиллиги деярли икки баробар – йилига 20 миллиард куб метргача ошиши мумкин. Бу ичимлик суви таъминоти, экология, аграр сектор, энергетика ва ижтимоий барқарорлик учун қўшимча хавф-хатарларни юзага келтиради.
«Шундай бир пайтда мамлакатларимиз сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги бўйича энг қуйи ўринларни эгаллаб турибди. Қишлоқ хўжалигида бир доллар миқдоридаги қўшилган қийматни яратиш учун давлатларимиз деярли уч куб метр сув сарф этмоқда, дунёда эса бу кўрсаткич ўртача икки баробар кам. Минтақада юзага келаётган вазият биздан сув-энергетика ва экология соҳаларида пухта ўйланган ҳамда комплекс ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этади», деди Мирзиёев.
Таъкидланишича, 2027 йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик Ўзбекистонга ўтади. Президент раисликнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди.
«Биринчи. Жамғарманинг фаолиятини ривожлантириш ва модернизация қилиш. Яратилган пойдевор асосида Жамғарманинг тузилмаси ва шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришни давом эттириш, унинг органлари ваколатларини аниқ тақсимлашни таъминлаш зарур. Жамғарма органларининг ваколатларини кенгайтириш, мақоми ва масъулиятини ошириш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаймиз. Ишончим комилки, ушбу масалаларнинг барчаси бўйича оқилона муросага келамиз.
Иккинчи. Жамғарма кун тартибини Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари қарорлари билан уйғунлаштириш. Маслаҳат учрашувлари минтақавий ривожланишнинг асосий сиёсий йўналишларини шакллантирмоқда. Шу боис, мазкур саммитлар қарорлари ва Жамғарма фаолияти ўртасида яқин алоқани таъминлаш муҳимдир.









