Президент Шавкат Мирзиёев 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳа вакилларига табрик йўллади.

Давлат раҳбари ўз ҳаётини ёш авлод тарбиясига бағишлаган барча педагогларга миннатдорлик билдириб, Учинчи Ренессанс пойдеворини фидойи устозларнинг фаолияти, касб маҳорати ва қалб саховатида кўришини таъкидлади.

«Мактаб келажак боғи бўлса, муаллим шу масканда умид ниҳолларини ўстирадиган моҳир боғбондир. Ўқитувчи — меҳр дарёси, эзгулик булоғи, маърифат қуёшидир», — дейилади табрикда.

Президент сўнгги ўн йилда таълим соҳасида амалга оширилган ўзгаришларга ҳам тўхталди. Унинг қайд этишича, ҳозир мамлакатда 40 минг ўқитувчи 1 минг доллар, уларнинг 1,5 минг нафари эса 2 минг доллардан зиёд маош олмоқда.

Жорий йил янги форматда ўтказилган «Йил ўқитувчиси» танловининг 208 нафар туман ва шаҳар босқичи ғолибларига илк бор 616 миллион сўмдан мукофот берилди. Келгуси йилдан бундай рағбатлантириш механизмлари боғча тарбиячилари ва техникум усталари учун ҳам жорий этилади.

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда 1,8 миллион ўринли боғча ва 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилди, 10 мингдан зиёд боғча ва мактаб замонавий кўринишга келтирилди. Президент, ихтисослашган ва ижод мактаблари ташкил этилди. Олий таълим муассасалари сони 77 тадан 205 тага кўпайиб, олий таълим билан қамров 45 фоизга етди.

Мирзиёев ўқувчиларнинг халқаро майдондаги натижаларига ҳам эътибор қаратди. 2026 йилда ўзбекистонлик ўқувчилар халқаро олимпиадаларда 228 та медаль қўлга киритди. Ўқувчилик даврида хорижий тил ва фан сертификатига эга бўлган ёшлар сони 100 минг нафарга етди, қарийб 5 минг мактаб битирувчиси олийгоҳларга киришда энг юқори балл тўплади.

Шунингдек, PISA рейтингида 15 ёшли ўзбекистонлик ўқувчилар табиий фанларни ўзлаштириш бўйича 32 поғона юқорилаб, 48-ўринни эгаллагани қайд этилди. Олийгоҳлардаги 185 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтган, хорижий университетлар билан ҳамкорликда 441 та қўшма таълим дастури йўлга қўйилган.

Президент келгуси ўн йил Ўзбекистон учун миллий юксалиш даври сифатида белгиланганини таъкидлаб, унинг таянч асоси мактаб, техникум ва олийгоҳлар бўлишини билдирди.

Илғор педагогларни рағбатлантириш мақсадида Абдулла Авлоний номидаги давлат мукофоти таъсис этилиши ҳам маълум қилинди.