Рубио АҚШнинг «Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслиги кераклиги» ҳақидаги позициясини яна бир бор тасдиқлади ва Доналд Трамп бунга рози бўлиши мумкинлиги ҳақидаги вариантни «абсурд» деб атади.
У Ҳўрмуз бўғози бўйича яхши хабарларга ишора қилиб, сўнгги 48 соат ичида эришилган тараққиёт – агар у иш берса – «бўғоз божларсиз тўлиқ очилиши»га олиб келиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ урушни тўхтатиш учун дипломатик каналларни афзал кўради. «Ўйлайманки, биз маълум бир ютуқларга эришдик», – деди у.
Бироқ, Рубио «ҳали устида иш олиб борилиши керак бўлган масалалар борлиги»ни таъкидлади ва шу билан бирга, Трампнинг кейинги баёнотларни кутиш кераклигини қўшимча қилди – президент шу куннинг ўзида чиқиш қилиши кутилмоқда.
Бир кун аввал Трамп Эрон билан келишув яқинлиги ва бу келишувга кўра Ҳўрмуз бўғози ҳам очилишини айтган, аммо тафсилотларни келтирмаганди.
60 кунлик сулҳ
Америка нашрлари АҚШ ва Эрон ўртасидаги эҳтимолий келишув тафсилотлари юзасидан изоҳ бермоқда.
Axios маълумотларига кўра, келишув асосида сулҳ 60 кунга узайтирилади ва Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатнови қайта тикланади.
Нашрнинг америкалик расмийлардан бирига таяниб хабар беришича, келишув қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Ушбу даврда Ҳўрмуз бўғозида қатновларни божхона тўловларисиз тиклаш, бунда Эрон барча миналарни зарарсизлантириш мажбуриятини олади;
- Қўшма Штатлар томонидан Эрон портлари қамалини бекор қилиш ва Эрон нефтига нисбатан санкцияларда қатор истиснолар тақдим этиш;
- Эроннинг ядровий қурол яратишга интилмаслиги ва уранни бойитиш дастури бўйича музокаралар олиб бориши тўғрисидаги мажбуриятлари лойиҳаси;
- Санкцияларни бекор қилиш ва Эроннинг музлатилган активларини блокдан чиқариш бўйича музокаралар олиб бориш;
- Америка қўшинлари минтақада 60 кун давомида қолиши ва якуний келишувга эришилгандан кейингина олиб чиқилиши.
Келишув ўзаро розилик асосида 60 кундан ортиқ муддатга узайтирилиши мумкин.
New York Times газетаси америкалик икки мулозимга таяниб хабар беришича, таклиф Теҳроннинг юқори даражада бойитилган уран захираларидан воз кечиш мажбуриятини ҳам ўз ичига олади.

















