Абу-Даби (БАА) шаҳрида АҚШ, Россия ва Украина тинчлик музокараларининг биринчи кунини якунлади. Музокара иштирокчилари расмий баёнот бермади.

Украина президент Володимир Зеленский биринчи кунни «конструктив ва анча мазмунли» деб атади, бироқ қуйидагиларни таъкидлади: «Россияликлар билан тил топишиш қийин. Улар, юмшоқ қилиб айтганда, бизнинг энг яхши дўстларимиз эмас».

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио (у ҳам учрашувда қатнашмади) музокаралар «жуда самарали» ўтганини маълум қилди, аммо олдинда ҳали «кўп иш» борлигини қайд этди. Россия вакиллари эса эртага матбуот учун брифинг ўтказишга ваъда берди.

Украина ОАВ манбаларининг билдиришича, музокараларда хавфсизлик кафолатлари (жумладан, Россия учун ҳам) ва урушдан кейинги келажак — Украинани қайта тиклаш ҳамда «ишонч инқирози шароитида» янги хавфсизлик архитектурасини шакллантириш масалалари кўриб чиқилган. Шунингдек, ҳарбий асирлар масаласи ҳам муҳокама қилинган; томонлар йирик асирлар алмашинувини эълон қилиши кутилмоқда.

Музокаралар бошланишидан олдин Россия уларнинг махфий бўлишини талаб қилган эди. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков янги хавфсизлик архитектураси хусусида: «Биз ҳеч қандай моделларни оммавий тарзда муҳокама қилмаймиз», — деб таъкидлаганди.