Тезкор гидрометеорологик ахборотга кўра, совуқ ҳаво массалари 3 октябр куни мамлакатнинг шимолий ҳудудларига, 4–5 октябрда эса республиканинг қолган ҳудудларига кириб келади.

Қаерда ва қачон ёмғир ёғади?

3–4 октябр кунлари шимолий ва чўл ҳудудларида, 4–5 октябрда эса мамлакатнинг қолган ҳудудларида ёмғир кутилмоқда.

Айрим жойларда ёмғир кучли бўлади. Баланд тоғли ҳудудларда ёғингарчилик қорга айланиши прогноз қилинган.

Ҳарорат қанчага пасаяди?

Ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб, республика бўйича кундуз кунлари 15–20 даража, кечалари 5–10 даража илиқ бўлади.

Шимолий ҳудудларда янада салқин об-ҳаво кутилмоқда: кундузи 12–17 даража, кечалари эса 2–7 даража илиқ бўлиши прогноз қилинган.

Шамол чанг-тўзон кўтариши мумкин

3–4 октябр кунлари республиканинг баъзи жойларида шамол тезлиги секундига 13–18 метргача кучайиши кутилмоқда.

Айрим ҳудудларда шамолнинг тезлиги баъзида секундига 20–22 метргача етиши ва чанг-тўзон кўтарилиши мумкин.

5–6 октябр кунлари эса мамлакатнинг айрим жойларига туман тушиши эҳтимоли бор.