Рақобат қўмитасининг тегишли буйруғи билан, “WB Taxi” МЧЖ йўловчи ташиш учун буюртмаларни жойлаштириш ва такси хизматларини кўрсатишга имкон берувчи воситачилик (агрегаторлик) хизматлари бозорида устун мавқега эга рақамли платформа оператори деб эътироф этилди.
Қўмита маълумотига кўра, компания фаолиятида устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида монополияга қарши комплаенс тизими мажбурий тартибда жорий этилади.
Компаниянинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши юзасидан тегишли мониторинг олиб борилади.
Аввалроқ Рақобат қўмитаси 2026 йилнинг январ–август ойларида WB Taxi хизматлари юзасидан истеъмолчилардан 20 га яқин эътироз келиб тушганини маълум қилганди. Шундан сўнг қўмита компанияга тегишли сўров юборган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 29 октябрда Рақобат қўмитаси Uklon такси агрегаторини ҳам устун мавқега эга рақамли платформа оператори сифатида эътироф этганди.
Ўшанда қўмита Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур қарор Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сонли қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида қабул қилинган.
Унга кўра, рақамли платформанинг фаол якуний фойдаланувчилари ойлик ўртача сони 50 минг нафардан, тушуми эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 минг бараваридан ортиқ бўлиши устун мавқени аниқлашда қўлланадиган мезонлар қаторига киради.
Бундан аввал, 2023 йил декабрда Yandex Taxi устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъект сифатида эътироф этилган. 2024 йил 22 октябрда эса Yandex Go устун мавқега эга рақамли платформа операторлари рўйхатига киритилган.
Қонунчиликка кўра, устун мавқега эга деб топилиш компаниянинг рақобат қонунчилигини бузганини англатмайди, бироқ бундай мақомга эга операторлар учун бозордаги устунликни суиистеъмол қилмаслик, рақобатни чекловчи ҳаракатларга йўл қўймаслик ва монополияга қарши талабларга риоя этиш мажбуриятлари амал қилади.













