Рақобат қўмитасининг тегишли буйруғи билан “Uklon UB” МЧЖ ХК такси агрегаторлари хизматлари бозорида устун мавқега эга рақамли платформа оператори деб эътироф этилди.
Қарор йўловчиларни ташиш учун буюртмаларни жойлаштириш ва такси хизматларини кўрсатишга имкон берувчи воситачилик — агрегаторлик хизматлари бозорига тааллуқли.
Қўмита Kun.uz сўровига жавобан билдиришича, қарор Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сон қарори билан тасдиқланган низом асосида қабул қилинган. Хусусан, платформанинг ойлик ўртача фаол якуний фойдаланувчилари сони 50 минг нафардан, тушуми миқдори эса БҲМнинг 100 минг бараваридан ошган. Қўмита компаниянинг фойдаланувчилари сони ва тушумининг аниқ миқдорини келтирмаган.
Компаниянинг устун мавқейини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида унинг фаолиятида монополияга қарши комплаенс тизими мажбурий тартибда жорий этилади. Шунингдек, рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши мониторинг қилиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябрида Рақобат қўмитаси “YandexGo UB” компаниясини ҳам такси агрегаторлари хизматлари бозорида устун мавқега эга рақамли платформа оператори деб эътироф этганди. Бундан аввал, 2023 йил декабрида компания ушбу бозорда устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъект деб топилган.
Украинада ташкил этилган Uklon сервиси Ўзбекистонда 2023 йил 22 июнда иш бошлаган. Компания дастлаб Тошкентда такси буюртма қилиш хизматини йўлга қўйган. Сервиснинг ўзига хослиги шундаки, унда йўловчилар сафар нархини ошириб ёки пасайтириб кўрсатган ҳолда буюртма бериш имконига эга.

















