Apple алоҳида тадбир ўтказмасдан M5 Pro ва М6 чипсетларидаги янги авлод Mac mini’ни тақдим этди. Бу 2024 йилдан бери биринчи марта янгиланаётган десктоп компьютер ва айни пайтда Тим Кук даврида чиқарилган сўнгги маҳсулотдир, деб ёзди Gizmodo.

Янги Mac mini ўзига хос ихчам дизайнини сақлаб қолган, базавий конфигурациядаги тезкор хотира ҳажми эса энди 16 ГБ ни ташкил этади. Маълумотларни сақлаш учун 256 ГБ ҳажмли SSD ўрнатилган. Шу билан бирга, бошланғич нарх 900 долларга етди — бу аввалги версиядан 100 доллар қимматроқ.

Асосий ўзгариш М6 процессори бўлди – бу Apple’нинг 2 нанометрли техжараён асосида ишлаб чиқарилган биринчи чипидир. У иккита суперядро, тўртта самарадор ва олтита энергия тежамкор ядроларни ўз ичига олади. Компания нафақат тезликка, балки 3 нанометрли авлодга нисбатан энергия самарадорлиги ошганига ҳам урғу бермоқда.

Apple янги М6 чипи GPU билан боғлиқ вазифаларни бажаришда М5 чипидан яхшироқ эканлигини ваъда қилмоқда.

Apple’нинг таъкидлашича, М6’нинг кўп оқимли ишлаш унумдорлиги М5’никидан қарийб 1,2 баравар юқори. Графикадаги ўзгаришлар янада сезиларли: 12 ядроли график процессорнинг ҳар бир ядроси нейрон тезлатгичлар билан жиҳозланган, бу эса Apple М4 ўрнатилган Mac mini’га қараганда икки баравар юқори график тезлигини таъминлайди.

 

Apple шунингдек, M5 Pro базасидаги Mac mini’ни ҳам таклиф қилмоқда. Унда мураккаброқ график ва сунъий интеллект вазифаларига мўлжалланган 18 ядроли график процессордан фойдаланилади. Иккала модель ҳам Wi-Fi 7, Bluetooth 6 ва 2,5 гигабитли Ethernet билан жиҳозланган.

Янги маҳсулотга Apple веб-сайтида олдиндан буюртма бериш мумкин, бироқ сотувлар 22 сентябрдан бошланади. М6 чипидаги 16/256 ГБ хотирали базавий версия 900 доллардан, M5 Pro чипидаги 24/512 ГБ хотирали Маc мини эса 1700 доллардан бошланади.

Шу билан бирга Apple М6 ва М5 Ultra процессорларини, шунингдек, М5 Мах ва М5 Ultra базасидаги Маc Studio'ни расман эълон қилди. Охиргиси компания тарихидаги энг қудратли чипсет деб аталмоқда: максимал конфигурацияда у 80 та график ядро, 36 та процессор ядроси ва 512 ГБ гача бирлашган хотирага эга бўлди.

 

Apple М3 Ultra билан таққослаганда график қувват 40 фоизга, сунъий интеллект билан боғлиқ вазифалардаги ҳисоблаш тезлиги эса 4,5 бараваргача ошганини маълум қилмоқда. М5 Мах ўрнатилган Маc Studio нархлари 2500 доллардан бошланади, М5 Ultra учун эса 5500 доллар тўлашга тўғри келади.