Honor механик осма мурувватга эга ғайриоддий камерали Robot Phone флагман смартфонини расман тақдим этди. У бурила олади, объектларни кузатади ва ҳатто турли ҳис-туйғуларни намойиш этиб, қурилманинг орқа панелини ўзига хос ҳамроҳ-роботга айлантиради.

Honor миниатюра барқарорлаштириш тизимини яратиш учун 60 дан ортиқ ишлаб чиқариш жараёнини қўллаши ва 100 дан зиёд юқори аниқликдаги бутловчи қисмларни ўрнатишига тўғри келди. Конструкция 100 дан ортиқ патент билан ҳимояланган, ишлаб чиқарувчининг ўзи эса уни соҳадаги энг ихчам 4D-осма деб атайди.

Османинг титанли мотори 2,6 грамм оғирликка эга, қалинлиги 6 мм, бутун тизим эса қалинлиги 9,6 мм бўлган корпусга сиғади. Шу билан бирга, смартфоннинг ўзи анча оғир – 248 грамм.

Камерани овоз ёрдамида бошқариш мумкин: масалан, ундан бурилишни ёки маълум бир нуқтага фокусни қаратишни сўраш мумкин.

Тизим объектларни автоматик равишда таниб олиш ва кузатиш қобилиятига эга, шунингдек, реал вақт режимида автоматик кадрлашни қўллаб-қувватлайди. Бу видеоблоглар суратга олишда, жонли эфирларда ва видеоқўнғироқлар пайтида асқатади.

Honor Yoyo сунъий интеллект ёрдамчиси билан биргаликда осма камера атрофда содир бўлаётган воқеаларни кузатиши, атрофдаги объектлар билан ўзаро алоқа қилиши ва турли вазифаларни мустақил равишда бажариши мумкин. Бундан ташқари, камера 100 дан ортиқ имо-ишораларни қўллаб-қувватлайди: у бош ирғаши, мўралаши ва ҳатто мусиқага рақсга тушиши ҳам мумкин.

Robot Phone немис кино ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Arri компанияси билан Honor ҳамкорлиги доирасида чиқарилган биринчи қурилма бўлди. Смартфон ўрнатилган Log-C3 кодлашни, рангларни тўғрилаш учун бевосита қурилманинг ўзида LUT билан ишлашни ва Arri профессионал камераларига хос тасвир хусусиятларини тақлид қилувчи алоҳида кино режимини қўллаб-қувватлайди.

Дастлаб Robot Phone кумушранг ва кулранг тусларда сотувга чиқарилади. Смартфоннинг нархи ва сотувга чиқиш санаси ҳақидаги маълумотни Honor кейинроқ эълон қилади.