Macworld нашри iOS 27 бета 5 версиясида бир йўла олтита янги iPhone ҳақида қайдлар борлигини аниқлади. Улар орасида анча вақтдан бери ҳеч қандай маълумот бўлмаган ҳамёнбоп iPhone 18e ҳам бор.

Аккумуляторлар ва Battery Intelligence билан боғлиқ тизим файлларида қуйидаги моделларга ишоралар топилди:

  • iPhone Air 2;
  • iPhone 18 Pro;
  • iPhone 18 Pro Max;
  • iPhone 18;
  • iPhone Ultra;
  • iPhone 18e.

Миш-мишларга кўра, бу йил Apple смартфонларни тақдим этиш стратегиясини ўзгартиради: флагманлар сентябрда, базавий моделлар ва iPhone Air 2 эса 2027 йилнинг баҳорида намойиш этилади.

Ушбу туркумдаги энг кутилган модел сифатида iPhone Ultra’ни айтиш мумкин. Купертиноликлар илк букланадиган смартфонининг номи ҳали тасдиқланмаган, бироқ Bloomberg мухбири Марк Гурман маълумотларига кўра, компания ичида уни айнан шундай аташади.

Қурилманинг ички дисплей диагонали қарийб 7,8 дюймни ташкил этади, бу деярли iPad mini билан бир хил. Таққослаш учун: iPhone 17 Pro Мах’да бу кўрсаткич 6,9 дюйм. Янги қурилмадаги катта экраннинг афзаллигини кўрсатиш учун Apple бир вақтнинг ўзида иккита иловани ишга тушириш имкониятини қўшади.

Афтидан, iPhone Ultra А20 чипи, 12 ГБ оператив хотира ва фавқулодда алоқа учун сунъий йўлдош модемига эга бўлади. Асосий камералар тизими иккита — кенг бурчакли ва ўта кенг бурчакли модуллардан иборат бўлади.

Смартфон сиғими 1921 ва 2962 мА·с бўлган иккита аккумулятор билан жиҳозланади, бу умумий ҳисобда 4883 мА·с ни ташкил этади.