Футбол бўйича АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг 2-туридан ўрин олган Португалия ва Ўзбекистон миллий жамоалари ўртасидаги учрашув расмийлари маълум бўлди.
Мазкур беллашувни марокашлик ФИФА ҳаками Жалол Жаед бошқариб боради. Унга қанотларда ҳамюртлари Закария Бринси ва Мустафо Акаркад ёрдам беради.
Жанубий Африка Республикаси вакиллари Абонгайл Том ҳамда Захеле Сивела учрашувнинг тўртинчи ва бешинчи расмий ҳакамлари сифатида фаолият олиб боради.
Ўзбекистон миллий жамоасининг Португалияга қарши баҳси 23 июн куни Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади.
Мусобақанинг 1-турида Ўзбекистон миллий жамоаси Колумбияга қарши майдонга тушиб, 1:3 ҳисобида мағлуб бўлганди.











