Ўзбекистонда автотранспорт бошқарувида хавфсизлик камарини тақишга тўсқинлик қилувчи касаллиги мавжуд фуқаролар учун тиббий маълумотномани онлайн олиш имконияти пайдо бўлди.

Мазкур ҳужжатни Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали юклаб олиш мумкин. Янги хизмат фуқароларни поликлиникаларга қайта-қайта бориш, навбат кутиш ва ортиқча қоғозбозликдан халос этишга қаратилган.

Қайд этилишича, маълумотнома шаклланиши учун фуқаро аввал тиббиёт муассасасида шифокорлар кўригидан ўтган бўлиши керак. Тиббий хулоса электрон базага киритилгач, ҳужжат порталда автоматик равишда шаклланади.

Маълумотнома тиббий хулосада кўрсатилган муддат давомида амал қилади. Хизмат бепул тақдим этилади ва уни олиш учун қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайди.