Жаҳон пўлат ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси — Worldsteel’нинг World Steel in Figures 2026 маълумотномасида мамлакатларнинг тўлиқ 2025 йилдаги натижалари келтирилган. Рейтинг 2026 йил учун прогнозни эмас, ўтган йилда амалда ишлаб чиқарилган пўлат ҳажмини акс эттиради.
Хитойда 2025 йилда 960,8 миллион тонна пўлат ишлаб чиқарилган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 1 миллиард 5,1 миллион тоннани ташкил этган эди. Ишлаб чиқариш қисқарганига қарамай, мамлакатнинг бошқа давлатлардан устунлиги катталигича қолмоқда.

Ҳиндистон эса пўлат ишлаб чиқаришни 149,4 миллион тоннадан 164,9 миллион тоннага етказган. Бу 15,5 миллион тонна қўшимча маҳсулот дегани.
АҚШ 81,9 миллион тонна билан учинчи ўринни эгаллаган. Япония 80,7 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариб, тўртинчи ўринга тушган. Россия бешинчи, Жанубий Корея олтинчи ўринни сақлаб қолган. Туркия эса Германиядан юқорилаган.
2025 йилда энг кўп пўлат ишлаб чиқарган 10 давлат:
Хитой — 960,8 миллион тонна;
Ҳиндистон — 164,9 миллион тонна;
АҚШ — 81,9 миллион тонна;
Япония — 80,7 миллион тонна;
Россия — 67,9 миллион тонна;
Жанубий Корея — 62,2 миллион тонна;
Туркия — 38,1 миллион тонна;
Германия — 34,1 миллион тонна;
Бразилия — 33,4 миллион тонна;
Эрон — 32 миллион тонна.
Жаҳон бўйича умумий ишлаб чиқариш 2024 йилдаги 1 миллиард 886,8 миллион тоннадан 2025 йилда 1 миллиард 848,9 миллион тоннага тушган. Бу қарийб 2 фоизлик пасайишдир. Бироқ вазият мамлакатлар кесимида фарқ қилган: Ҳиндистон ва АҚШда ўсиш кузатилган бўлса, Хитой ва Японияда ишлаб чиқариш камайган.

















