Ҳиндистон тўртинчи ўринни сақлаб қолган, Жанубий Корея эса бешинчи поғонани эгаллаган. Кучли ўнталикка Франция, Япония, Буюк Британия, Туркия ва Италия ҳам кирган.
Global Firepower бўйича энг кучли 10 армия ва уларнинг PowerIndex кўрсаткичи:
- АҚШ — 0,0741;
- Россия — 0,0791;
- Хитой — 0,0919;
- Ҳиндистон — 0,1346;
- Жанубий Корея — 0,1642;
- Франция — 0,1798;
- Япония — 0,1876;
- Буюк Британия — 0,1881;
- Туркия — 0,1975;
- Италия — 0,2211.

Ушбу тизимда индекс қанча кичик бўлса, мамлакатнинг ҳарбий салоҳияти шунча юқори баҳоланади. Назарий жиҳатдан энг яхши натижа нол бўлар эди, бироқ лойиҳа муаллифлари амалдаги формула бўйича унга эришиб бўлмаслигини таъкидлайди.
Баҳолашда ҳарбий хизматчилар сони, қурол-яроғ ва техника, молиявий имкониятлар, логистика, табиий ресурслар ҳамда географик шароит ҳисобга олинади. Қўшимча коэффициентлар эса кичик, аммо технологик жиҳатдан ривожланган давлатларни йирик мамлакатлар билан таққослаш имконини беради.
2026 йилги ҳисоб-китобга аҳолининг интернет билан қамраб олиниши ҳам киритилган. Авиация, қуруқлик ва денгиз техникаси, бюджетлар, портлар, аэродромлар, темирйўллар ҳамда автомобил йўлларига оид маълумотлар ягона индексда бирлаштирилади. У мамлакатнинг оддий қуроллар билан қуруқликда, денгизда ва ҳавода уруш олиб бориш салоҳиятини баҳолайди.
Global Firepower базасида АҚШ учиш аппаратларининг умумий сони бўйича етакчи: мамлакат учун турли вазифаларни бажарувчи 13 032 та самолёт ва вертолёт қайд этилган. Америка флоти таркибида 11 та авианосец кўрсатилган.
Россия бўйича эса 4 237 та учиш аппарати ва 5 630 та танк келтирилган. Лойиҳа ҳисобида мамлакат 3 603 та ўзиюрар артиллерия тизими билан ушбу тоифада биринчи ўринда туради.
Бироқ техника паркининг умумий сони унинг барчаси бир вақтнинг ўзида жанговар вазифага тайёр эканини англатмайди. Лойиҳада умумий парк ва фойдаланишга тайёр деб баҳоланган техника алоҳида кўрсатилади. Ишончли маълумот етишмаган ҳолларда тахминий ҳисоб-китоблардан фойдаланилади.
















