Миллий жамоалар иштирокидаги йирик турнирлар азалдан кўплаб янги юлдузларни кашф қилади, мавсум давомида очилган ёш футболчилар янада танилади. Кўпинча жаҳон чемпионати ёш футболчи трансферида катализатор вазифасини ўтайди – клублар бўлажак топ футболчини имкон қадар тезроқ ўзиники қилишга уринади. Бу сафар ҳам шундай бўлди – турнирнинг айрим юлдузлари аллақачон ўзига янги клуб топди. Швейцария сафида порлаган Жоан Манзамби «Астон Вилла» аъзосига ўтди, Исмаэл Сайбари энди «Бавария»да, Морган Роджерс эса фаолиятини «Челси»да давом эттирадиган бўлди.

Қуйида ЖЧ қаҳрамонлари ва кашфиётлари бўлган бошқа футболчилардан қайсидари ёзда клубини ўзгартиришга яқин экани ҳақида.

Ян Диоманде

19 ёш, «Лейпциг», ўнг қанот вингери
Трансфер қиймати – 90 миллион евро (Transfermarkt бўйича)

Дунёнинг энг яхши дриблерларидан бири ЖЧ-2026 ўйинларида ҳам ўз даражасини намойиш этди. У фақат гуруҳ босқичида Кюрасаога қарши ўйинда голли ҳаракат амалга оширди, аммо XXI асрда жаҳон чемпионатидаги дастлабки уч ўйинида 10 дан ортиқ муваффақиятли алдаб ўтиш ва 10 дан ортиқ вазият яратишга эришган илк футболчига айланди.

Июн ойи ўрталарига қадар Ян «Ливерпул»га ўтишга яқин турганди. Мерсисайдликлар Муҳаммад Салоҳ ўрнига ўнг қанот вингери изламоқда ва бу позиция учун 100 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлашга тайёр. Аммо ой охирига келиб вазият ўзгарди. Энди «ПСЖ» ҳам футболчи учун курашга қўшилган, франциялик инсайдер Жамелнинг маълумотига кўра, вингер Париж клубига ўтиш учун оғзаки розилик билдирган – у Луис Энрике қўл остида ўйнашни хоҳламоқда ва Парижда «Олтин тўп» учун курашиш имконига эга бўлишига ишонмоқда.

Диомандега «Арсенал» клубидан ҳам қизиқиш бор, аммо лондонликлар бош мураббийи Микел Артета ушбу футболчидан чап қанотда фойдаланмоқчи бўлган, футболчининг ўзи эса, ҳар икки оёғида бирдек ҳаракатлана олса-да, ўнг қанотда ўйнашни истамоқда. «Арсенал»да эса ҳужумнинг ўнг қаноти жамоа етакчиларидан бири Букайо Сака томонидан банд этилган.

Айюб Буадди

Фото Getty Images

18 ёш, «Лилл», марказий яримҳимоячи
Трансфер қиймати – 50 миллион евро