Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) Аргентина футбол ассоциациясининг (АФА) ЖЧ-2026 финалида муштлашув уюштирган аргентиналик футболчиларга нисбатан қўлланган санкцияларни ўртоқлик ўйинларида ўташ мумкинлиги ҳақидаги расмий сўровини маъқуллади, деб хабар берди АФА матбуот хизмати.

21 август куни ФИФА ЖЧ-2026 финал ўйинидан кейинги муштлашув туфайли Аргентина миллий жамоасининг тўрт нафар вакилига нисбатан бир қатор жазо чораларини қўллаганди. Унга кўра, яримҳимоячи Леандро Паредес ўн ўйинга дисквалификация қилиниб, 90 минг доллар, ҳимоячи Науэл Молина етти ўйинга дисквалификация қилиниб, 90 минг доллар, яримҳимоячи Тиаго Алмада бир ўйинга дисквалификация қилиниб, 30 минг доллар, мураббий Роберто Айала эса уч ўйинга дисквалификация қилиниб, 30 минг доллар миқдорида жаримага тортилган.

Хабар қилинишича, АФА ЖЧ-2026 финали вақтида ўз футболчилари ва ассоциациянинг ўзига нисбатан қўлланган санкциялар нафақат расмий, балки ўртоқлик ўйинларида ҳам амал қилиши учун ФИФАга расмий сўров юборган.

«АФА томонидан тақдим этилган хатга асосан, ФИФА Интизом қўмитаси амалдаги қоидаларга мувофиқ ушбу сўров қаноатлантирилган деб ҳисоблайди», — дейилади баёнотда.

ЖЧ-2026 финал ўйинида испанияликлар Аргентина жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Қўшимча бўлимларда Ферран Торрес (106-дақиқа) ягона голга муаллифлик қилди.

Финал ҳуштаги янграши билан майдонда жанжал келиб чиқди. Дастлаб Молина ёнидан югуриб ўтаётган испанлар сардори Родрига зарба берди. Шундан сўнг, Паредес испаниялик ҳимоячи Эрик Гарсиянинг бўйнидан бўғиб, кейин Гавини итариб юборди. Ўйинчиларни жамоадошлари ажратиб қўйишди. Аргентина миллий жамоаси мураббийлар штаби аъзоси Айала эса испаниялик яримҳимоячи Дани Олмога зарба беришга уринди.

Бундан ташқари, ФИФА Интизом кодексининг тўртта моддасини бузгани учун АФА 321 минг доллар жаримага тортилди: спорт тадбиридан сиёсий намойишлар учун фойдаланиш (яримфиналдан кейинги сиёсий баннер), жамоанинг номақбул хатти-ҳаракати, мухлислар томонидан камситиш ва ирқчилик руҳидаги ҳақоратлар, шунингдек, ўйинлар вақтида тартиб ва хавфсизликни бузиш.