Reuters агентлигига кўра, 5 октябр куни ҳукумат кучлари Саудия Арабистонининг ҳаводан кўмаги билан Боб ал-Мандаб бўғози атрофидаги соҳил ҳудудларида ҳужумга ўтган. Ҳукумат манбалари қўшинлар Моха шаҳри чеккасига етиб борганини айтган, кейинроқ Яман Мудофаа вазирлиги шаҳар назоратга олинганини эълон қилган. Бу маълумотнинг мустақил тасдиғи келтирилмаган.
Ҳусийчилар Мохани сентябрда эгаллаган эди. Қизил денгиздан Боб ал-Мандаб бўғозига олиб борувчи йўлда жойлашган ушбу порт атрофидаги назорат денгиз қатнови учун муҳим аҳамиятга эга.
Яман Президентлик раҳбарлик кенгаши раиси Рашад ал-Алимий 4 октябр куни «Ансоруллоҳ» ҳаракатига қарши йирик ҳарбий операция бошланганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, мақсад мамлакатнинг барча ҳудудларини халқаро тан олинган ҳукумат назоратига қайтаришдан иборат.
Ҳусийчилар Яманнинг катта қисмини, жумладан, аҳоли зич яшайдиган ҳудудлар ва пойтахт Санони назорат қилиб келмоқда. Сентябр охирида ҳукумат умумий сафарбарлик эълон қилиб, ўз томонига ўтадиган «Ансоруллоҳ» аъзоларига амнистия ваъда қилган.
Айни пайтда ҳусийчилар ҳам жанг майдонида муваффақиятга эришганини билдирмоқда. Yemen Press Agency гуруҳ вакилига таяниб, Таиз вилоятидаги туманлардан бири ҳамда Рашад ал-Алимийнинг ҳудуддаги собиқ қароргоҳи эгаллангани ҳақида хабар берган.
Ҳусийчиларга қарашли Al Masirah телеканали ал-Алимийнинг уйи эгаллангани айтилган видеоларни намойиш этган. Тасвирларда қуролланган шахслар бино устига гуруҳ байроғини ўрнатгани кўринади.
Ҳусийчиларнинг ҳарбий вакили Яҳё Сариа Саудия Арабистонида ҳам қатор операциялар ўтказилганини даъво қилган. Унинг айтишича, Ар-Риёддаги Қирол Холид халқаро аэропорти, Рабиғ шаҳридаги Aramco нефтни қайта ишлаш заводи ва бир қатор ҳарбий объектларга ҳужум қилинган. Reuters бу даъволарни мустақил текшира олмаганини, Саудия Арабистони ва Aramco эса изоҳ сўровига дарҳол жавоб бермаганини қайд этган.
Вазият кескинлашиши ортидан Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон Ар-Риёдда фавқулодда учрашув ўтказган. Қўшма баёнотга кўра, томонлар Макка мудофаа келишуви доирасида Саудия Арабистони ҳудудига ҳарбий кучлар ва воситаларни тезкор жойлаштиришга келишиб олган.
Августда имзоланган келишув уч давлатдан бирига қуролли ҳужумни барчасига қилинган ҳужум деб баҳолашни назарда тутади.








