Ўзбекистон | 17:00
838
2 дақиқада ўқилади

Uzum мамлакат иқтисодиётини рақамлаштириш учун инфратузилмага 500 миллион доллардан ортиқ сармоя киритгани маълум бўлди

Uzum миллий рақамли экотизими Ўзбекистонда логистика ва IT инфратузилмасини ривожлантириш учун 500 миллион доллардан ортиқ сармоя киритилганини маълум қилди. Компания яқин йилларда ҳам ушбу йўналишга яна бир неча юз миллион доллар инвестиция йўналтириш режаси борлигини билдирди.

Фото: Uzum

Uzum миллий рақамли экотизими Ўзбекистонда логистика ва IT инфратузилмасини ривожлантириш учун 500 миллион доллардан ортиқ сармоя киритилганини маълум қилди.

Компания ахборотига кўра, бугунги кунда Uzum Market логистика инфратузилмаси умумий майдони 112 минг квадрат метр бўлган мажмуани ўз ичига олади. 2026–2028 йилларда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда логистика қувватларини кенгайтириш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида йирик ҳажмли товарлар учун янги саралаш маркази ва омбор мажмуаси қурилмоқда.

Компания ҳисоб-китобларига кўра, янги объектлар ишга тушгач, кунига 600 мингтагача буюртмани қайта ишлаш имконияти яратилади. Шунингдек, мебель, маиший техника ва бошқа йирик ҳажмли товарларни сақлаш учун 26 минг паллетлик омбор қуввати ташкил этилади.

Ҳозирда Uzum Market Самарқанд, Фарғона, Жиззах, Қарши, Наманган, Навоий, Бухоро, Урганч ва Термиз шаҳарларида 9 та кросс-докинг омборини ишга туширган.

Маркетплейс инфратузилмаси республика бўйлаб 626 та ҳудудни қамраб олган 2100 дан ортиқ топшириш пунктлари, inshop ва франшиза нуқталаридан иборат.

Шунингдек, Uzum Market платформасида 18 мингдан ортиқ фаол сотувчи ишлайди. Компания маълумотига кўра, ҳозирда, маркетплейсда харидорларга 400 миллиондан ортиқ товар таклиф этилган.

Мунира Тошниёзова
Тайёрлаган Мунира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид