Сешанба-чоршанба кунлари Америка ва Эрон яна бир-бирига қарата зарбалар ёмғирини ёғдирди. Бу эса ўтган ойда икки давлат президентлари имзолаган меморандумнинг тақдирини сўроқ остида қолдиргандек. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида шу ҳақда сўз юритаркан, замонавий дунёда уруш дипломатиясининг табиати ўзгаргани, савдолашув тобора гибрид шакл олаётганини айтади.

7-8 июл кунлари АҚШ ва Эрон яна ўзаро юзлаб зарбалар алмашишди. Аввалига АҚШ тарафи Ҳўрмуз бўғози атрофидаги учта танкер Эрон ҳужумига учраганини иддао қилиб, Эрон жанубидаги инфратузилма объектлари бўйлаб 80-90 та нишонга ҳужум қилди (улар орасида Ўзбекистон учун муҳим логистика нуқтаси бўлмиш Чобаҳор порти ҳам бор). Бунга жавобан Эрон АҚШнинг Баҳрайн, Кувайт ва Қатардаги ҳарбий объектлари бўйлаб 85 та нишонга зарба берди.

Ушбу ўзаро зарбалар алмашинуви фонида, НАТО саммитида иштирок этиш учун Анқарага келган Трамп: “Биз учун Эрон билан келишув тугади, агар яна зарбалар бўлса, кейинги сафар янада кучлироқ, жуда кучли зарбалар берамиз” деди.

Эрон парламенти спикери Ғолибоф эса: “Эрон учун қўрқув даври ўтиб бўлди, Эрон орқага чекинмайди” деган маънода баёнот берди. Икки тарафнинг юқори даражали сиёсатчилари чиқишларига, риторикаларига эътибор берсак, эскалация юз бераётгандек фикр ўйғонади, томонлар келишувдан воз кечиб, урушга тайёрдек кўринади. Аслида ҳам шундайми?

Доналд Трамп кейинги ойларда ўнлаб марта “Биз Эрон билан келишувга жуда яқинмиз” дея баёнотлар берди. Ва ниҳоят, июн ойида АҚШ ва Эрон, авваламбор Покистон, қолаверса бошқа давлатлар воситачилигида “Тинчлик меморандуми”ни имзолашди. Энди эса, бамисоли, АҚШ бу тинчлик келишувидан манфаатдор эмасдек ўзини кўрсатмоқда. Эрон ҳам басма-бас зарбалар ва баёнотларни бермоқда. Нима ўзгарди?

20-асрда, айниқса Совуқ уруш даврида зарбалар, ўқ отишлар – дипломатиянинг, музокаралар ва келишувларнинг ўлганини англатар эди. Ҳозирги пост-модерн дунёда, ўқ отишлар, кескин зарба беришлар дипломатия ва музокараларнинг муҳим компоненти бўлиб улгурди.

Трамп – Ню-Йоркдаги кўчмас мулк савдоларида шаклланган одам. У учун “келишувни бузиш” – музокараларнинг муҳим қисми ҳисобланади, бу йўл билан у ўз нархини оширади ва қарши тарафнинг нархини туширади. Бу фикрлашни у сиёсатда стандартлаштирди. Шунинг учун бугунги кунда зарбалар, урушлар, ўқ отишлар – дипломатиянинг муқобили эмас, дипломатиянинг ўлиши эмас. Аксинча, дипломатия ва музокараларнинг таркибий қисми, савдолашув усули, “агар шартларимга кўнмасангиз, натижаси сизга янада қимматроққа тушади” дейиш воситаси ҳисобланади.