Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болаларнинг оммавий заҳарланиши бўйича суд ҳукми ва пулли автотураргоҳ учун ҳақ тўламаганларга жарима — маҳаллий дайжест
Тошкент вилояти боғчаларидаги оммавий заҳарланишда 11 киши айбдор деб топилди. Аномал иссиқда баъзи боғчалар фаолияти тўхтатилди, юк машиналар ҳаракати чекланди. Ўзбекистон бўйлаб қабул тест синовлари бошланди. Пулли автотураргоҳ учун ҳақ тўламаганларга жарима қўлланиши мумкин. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Тошкент вилояти боғчаларидаги оммавий заҳарланишда 11 киши айбдор деб топилди
2025 йил сентябр ойида Тошкент вилояти боғчаларида кузатилган 2 мингга яқин боланинг оммавий заҳарланиши иши бўйича суд жараёни якунига етди.
Жиноят ишлари бўйича Бўка туман суди 11 нафар судланувчини Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан айбли деб топди.
Суд ҳукми билан 3 киши 3,5 йил муддатга, яна шунча киши 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. 5 кишига 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, судланувчиларга Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш белгиланди. Судланувчилар ҳукм устидан шикоят бериши ёки протест келтириши мумкин.
Аномал иссиқда баъзи боғчалар фаолияти тўхтатилди, юк машиналар ҳаракати чекланди
Болаларни аномал иссиқнинг салбий таъсиридан ҳимоялаш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятининг айрим туманларида боғчалар фаолияти тўхтатилди. Аввалроқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳам шундай чоралар кўрилган эди.
Сурхондарё вилоятида аномал иссиқ ҳаво шароити сабаб оғир юк автомобиллари ҳаракатига вақтинчалик чеклов жорий этилади. Чора автомобил йўллари қопламасини сақлаш ва уларнинг муддатидан олдин шикастланишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.
«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ аномал иссиқ туфайли поездлардаги муаммодан огоҳлантирди. Компания маълумотига кўра, юқори ҳарорат туфайли айрим йўловчи вагонларидаги совитиш тизимлари вақтинча «камроқ самара» билан ишлаши мумкин.
Аномал-ғайритабиий иссиқ об-ҳаво шароити 19 июлгача давом этиши кутилмоқда.
Ўзбекистон бўйлаб қабул тест синовлари бошланди
14 июл куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 2026–2027 ўқув йили учун давлат олий ва касбий таълим муассасаларига қабул тест синовлари бошланди. Имтиҳонлар 23 июлга қадар икки сменада ўтказилади.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотига кўра, тест синовлари ҳар куни икки сменада ташкил этилади. Биринчи смена соат 8:00 дан 11:00 гача, иккинчи смена эса 15:00 дан 18:00 гача давом этади.
Тест жараёнлари тўлиқ видеокузатув остида ўтказилади ва онлайн тарзда намойиш этилади. Абитуриентлар ва уларнинг яқинлари имтиҳонларни махсус онлайн платформа орқали кузатиши мумкин.
Пулли автотураргоҳ учун ҳақ тўламаганларга жарима қўлланиши мумкин
Ўзбекистонда йўлбўйи тўхташ жойларидан фойдаланганлик учун ҳақ тўламаслик ёки тўловдан бўйин товлаш ҳолати учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши мумкин. Тошкент шаҳри ҳокимлиги шундай ташаббус билан чиқди.
Лойиҳада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни «пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун тўлов қилишдан бўйин товлаш» деб номланган янги 128−11-модда билан тўлдириш кўзда тутилган. Лойиҳага кўра, йўлбўйи пулли тўхташ жойларидан фойдаланганлик учун белгиланган муддатда ҳақ тўламаслик ёки тўловдан бўйин товлаш БҲМ 2 баравари (1 сентябргача – 824 минг сўм, 1 сентябрдан бошлаб – 880 минг сўм) миқдорида жаримага сабаб бўлади. Бу норма қонунчиликка мувофиқ тўхташ жойларидан бепул ёки имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
28 июлга қадар regulation.gov.uz порталида эълон қилинган ушбу лойиҳа юзасидан таклиф ва мулоҳазаларни билдириш мумкин.
Мавзуга оид
20:08 / 13.07.2026
Бекободда янги металлургия мажмуаси ва аномал иссиқ ҳафтанинг бошланиши — маҳаллий дайжест
19:24 / 10.07.2026
Меҳнат низоларини кўриб чиқишда янги тартиб ва Зарафшон дарёсидаги фожиа — маҳаллий дайжест
19:00 / 09.07.2026
Солиқ кешбэкини бекор қилиш таклифи ва эски машина эгаларига янги имкониятлар — маҳаллий дайжест
21:13 / 08.07.2026