Макка пакти имзоланганидан уч ҳафта ўтиб, у расман “Макка мудофаа алянси” номини олди. Ар-Риёдда котибият ташкил этилиши ва Покистон вакилининг бош котиб этиб тайинланиши алянснинг доимий мудофаа тузилмаси сифатида шаклланаётганини кўрсатмоқда. Бангладеш бу алянсга қўшилиш истагини билдирган илк давлатлардан бири бўлди.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида мавзу юзасдиан сиёсий таҳлилчилар шарҳи.

— Макка пакти энди расман “Макка мудофаа алянси” деб аталди. Ташкилотнинг кейинги босқичи қандай бўлади, бу мавзу атрофида жараёнлар қандай кетяпти?

Шавкат Икромов: 7 август куни имзоланган Макка пактида уч давлат иттифоқининг қандай номланиши борасида ҳали якуний қарор қабул қилинмаган эди. Шу боис дастлаб кўпчиликда бу Покистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги аввалги келишувлар каби навбатдаги ҳарбий иттифоқ бўлиб қоладими ёки у институционал тузилмага айланадими, деган савол туғилганди. Бироқ жараён кутилганидан тез кечди. 31 август куни Истанбулда алянсга расмий ном берилди. Энг муҳими, унинг ташкилий механизмлари ҳам шакллантирила бошланди. Ар-Риёдда котибият ташкил этилиши белгиланди ва Покистон вакили уч йил муддатга котиб этиб тайинланди.

Бу қадамлар томонларнинг нияти жиддий эканини кўрсатади. Гап оддий сиёсий ёки ҳарбий келишув ҳақида эмас, балки уни барқарор институционал тузилмага айлантириш жараёни ҳақида кетмоқда. Котибиятнинг ташкил этилиши ва котиб тайинланиши – алянс халқаро ташкилотларга хос бошқарув механизмларини шакллантираётганини кўрсатади.

Алянснинг кенгайиш масаласи ҳам кун тартибида. Ҳозир энг кўп тилга олинаётган давлатлардан бири – Бангладеш. Келишувда ташкилот бошқа давлатлар учун ҳам очиқ экани қайд этилгани сабабли, Бангладеш алянсга қўшилиш истагини билдирган илк давлатлардан бири бўлди.

Бангладеш ҳарбий ва демографик салоҳият нуқтайи назаридан кичик давлат эмас. Унинг иқтисодиёти ҳали ривожланаётган бўлса-да, ўсиш суръати юқори давлатлардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, мамлакат минтақадаги уруш ва низолар тарихини яхши билади. Бангладеш 1971 йилда Покистондан ажралиб, мустақил давлат сифатида шаклланган. Бугунги кунда у сезиларли ҳарбий салоҳиятга эга ва Саудия Арабистони билан яқин алоқаларни сақлаб келади. Шу сабаб Бангладешнинг алянсга қўшилиши ташкилотнинг географик ва ҳарбий салоҳиятини сезиларли даражада кенгайтириши мумкин.

Яна бир муҳим масала – Мисрнинг позицияси. Қоҳира ҳозирча алянсга қўшилиш борасида якуний қарор қабул қилгани йўқ. Миср томони аввало ташкилот қандай шаклланиши ва ривожланишини кузатишини билдирди. Шунга қарамай, Мисрнинг келажакда алянсга қўшилиш эҳтимолини инкор этиб бўлмайди. Миср ва Саудия Арабистони узоқ йиллардан бери яқин муносабатларни сақлаб келади. Туркия ва Миср эса сўнгги йилларда муносабатларни босқичма-босқич тикламоқда. Покистон ва Миср ўртасидаги алоқалар ҳам яхши.