Департамет АҚШда расман террорчи ташкилот деб тан олинган ҳаракат билан иш олиб бориш ниятида эмаслигини билдирди. Бу ҳақда Давлат департаменти вакили Томми Пигот маълум қилди.
«АҚШ Давлат департаменти Афғонистоннинг ўта муҳим минерал ресурсларини ўзлаштириш масаласида «Толибон» глобал террорчилик гуруҳи билан ҳамкорлик қилишни режалаштирмаяпти», — деди Пигот.
У ҳамкорлик қадами «шунчаки толибларга пул бериб, уларнинг афғон халқига нисбатан даҳшатли муносабатда бўлиши учун шароит яратишини» қўшимча қилди.
Ушбу баёнот «Толибон» ҳаракати ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақийнинг таклифига жавобан янгради. Муттақий 31 август куни Financial Times нашрига берган интервьюсида Вашингтонни Афғонистоннинг тоғ-кон саноати, инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги ва савдосига сармоя киритишга чақирган эди. Муттақийнинг сўзларига кўра, Афғонистон Америка сармояларини «шубҳасиз» мамнуният билан қабул қилади ва икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар «йигирма йиллик уруш призмаси орқали» баҳоланмаслиги керак — бунинг ўрнига томонлар келажакдаги ҳамкорликка эътибор қаратиши лозим. Гап АҚШ геологик қидирув маълумотларига кўра, баҳоси триллион долларга яқинлашаётган конлардан фойдаланиш имконияти ҳақида кетмоқда — Афғонистон мис, литий, ноёб металлар, кобальт ва темир рудасининг йирик захираларига эга.
2021 йилда ҳокимиятга қайтганидан сўнг толиблар 7 миллиард доллардан ортиқ суммага тоғ-кон саноатига оид шартномалар тузди, бироқ Хитой, Эрон, Қатар ва Туркия компаниялари асосий ҳамкорлар бўлди — улар орасида йирик Ғарб инвесторлари йўқ.







