Келгуси 10 йилда Ўзбекистон энергетика инфратузилмаси учун 8 миллиард доллар талаб этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 21 июл кунги селекторда айтиб ўтди.

Давлат раҳбарига кўра, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш борасида етарли иш олиб борилмаяпти, бунинг натижасида:

  • олти ойда электр энергияси йўқотиши 17,2 фоизни ёки 4,8 миллиард киловатт-соатни ташкил қилган;
  • газ тармоғидаги йўқотишлар 7,6 фоизга, яъни 797 миллион куб метрга етган.

Ҳудудий газ тармоқлари корхоналарида меҳнат унумдорлиги қўшни давлатларга нисбатан 1,5-2 баробар пастлиги қайд этилди.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев жорий йил 24 апрел кунги йиғилишда 44 та туманда электр йўқотишлари 20 фоиздан кўплигини айтган эди. 30 апрел куни ушбу туманлардаги электр тармоқлари корхоналари раҳбарлари лавозимидан озод этилганди.

Тармоқлардаги йўқотишлар масаласи давлат раҳбари ҳузурида 2024 йил феврал ойида ҳам муҳокама қилинган эди. Ўша вақтда электр тармоқларидаги йўқотишлар 14 фоиз, табиий газда эса 7 фоиздан юқори экани айтилганди.