Тамбов вилояти губернатори Евгений Первышов Wildberries логистика марказига дрон келиб тушганини тасдиқлади. Унинг маълум қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳамда «БАРС-Тамбов» мобил ўт очиш гуруҳлари томонидан жами 16 та учувчисиз учиш аппарати йўқ қилинган.

Шунга қарамай, дронлардан бири логистика марказига зарба берган ва натижада катта ёнғин бошланган.

«Украина дронлари зарбалари натижасида Wildberries логистика марказида ёнғин содир бўлди. Ёнғин майдони 40 минг квадрат метрни ташкил этди», — деган вилоят раҳбари.

Ҳужум оқибатида омборнинг бир нафар ходими жароҳатланган. Шунингдек, вилоят ҳудудида дрон қулаши натижасида хусусий уйлардан бирида ҳам ёнғин чиққан.

Ижтимоий тармоқларда Котовскдаги логистика марказида содир бўлган йирик ёнғин акс этган видеолар тарқалди. Кадрларда объект ҳудудидан катта миқдорда тутун кўтарилаётгани ва ёнғин кенг майдонни қамраб олганини кўриш мумкин.

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Wildberriesʼнинг Котовскдаги логистика мажмуаси умумий ҳисобда 108 минг квадрат метр майдонни эгаллайди.

Мазкур объект аввал ҳам дронлар ҳужумига учраган. Хусусан, 18 июлга ўтар кечаси омбор мажмуасига учувчисиз учиш аппарати зарба бериши натижасида йирик ёнғин содир бўлган. Ўша ҳодисада етти киши ҳалок бўлган ва яна 25 киши жабрлангани хабар қилинган.

Кстоводаги нефтни қайта ишлаш заводи яқинида ҳам ёнғин

Айни пайтда Нижний Новгород вилоятининг Кстово шаҳри аҳолиси маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган ҳудудда кучли ёнғин кузатилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар берган.

Гап «Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез» нефтни қайта ишлаш заводи ҳақида кетмоқда. Тарқалган кадрларда корхона жойлашган ҳудуд яқинида кучли ёнғин ва осмонга кўтарилаётган тутунни кўриш мумкин.

26 августга ўтар кечаси Нижний Новгород вилоятида ҳаво ҳужуми хавфи режими амал қилган. Бироқ маҳаллий ҳокимият дастлаб дронлар ҳужумининг эҳтимолий оқибатлари ҳақида батафсил маълумот бермаган.

Кстоводаги завод Россия ҳудудидаги нефтни қайта ишлаш объектларига Украина дронлари зарбалари кучайганидан буён бир неча бор ҳужумга учраган.

Жумладан, Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотига кўра, 2 июлга ўтар кечаси корхона ҳудудидаги АВТ-6 нефтни бирламчи қайта ишлаш қурилмасига зарба берилган.