Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов 8 октябрдаги матбуот анжуманида Kun.uz’нинг «Ўзбекистон почтаси» Wildberries’га ишончли бошқарувга берилгани ҳақидаги саволига рад жавобини берганди.

«Бугунги кунда ишончли бошқарувга берилмаган», — деганди агентлик раҳбари.

У Wildberries вакилларининг почта кузатув кенгашига киритилишини компаниянинг тажрибасидан фойдаланиш ҳамда 360 млрд сўмгача фоизсиз қарз жалб қилиш режаси билан изоҳлаган. Муродовнинг айтишича, почтанинг ижро органи ва акциядори ўзгармаган, ҳамкорлик эса натижасига қараб давом эттирилади.

Telegram’даги КорпИнфо канали 11 октябр куни «Ўзбекистон почтаси»га оид бир корпоратив ҳужжатни эълон қилди. Бу — акциядорларининг 2026 йил 21 сентябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиши 2-сон баёнидан кўчирма бўлиб, унда ишончли бошқарув шартномаси тилга олинган.

Ҳужжатда жамият устав капиталидаги давлат улушини ишончли бошқарувга бериш тўғрисидаги 2025 йил 30 декабрдаги 01/3-94-сонли Ишончли бошқарув шартномасининг 6.1-бандига ҳавола қилинган. Ушбу банд инобатга олинган ҳолда, «WB INT EXPORT» МЧЖ (Россиянинг Wildberries компанияси Ўзбекистондаги шуъбаси) томонидан таклиф этилган беш номзодни кузатув кенгашига сайлаш масаласи баён этилган.

Баён кўчирмасида WB INT EXPORT «Ўзбекистон почтаси» АЖдаги давлат акциялари пакетининг ишончли бошқарувчиси экани ҳамда қонунчилик ва мазкур шартномага мувофиқ акциядорнинг барча ҳуқуқларига эга бўлгани қайд этилган.

Image
Image
Image

Қайд этилишича, WB INT EXPORT 2026 йил 11 августдаги ДДУ-8-сонли хати билан «Ўзбекистон почтаси» акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш ва кун тартибига кузатув кенгашининг янги таркибини сайлаш масаласини киритиш тўғрисида талабнома юборган.