Украина дронлари 16 августга ўтар кечаси Россиянинг 16 региони ва Қримга ҳужум қилди. Россия мудофаа вазирлигига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари жами 822 та дронни тўхтатган.

Ростов областида ҳужум оқибатида беш киши ҳалок бўлган. Регион раҳбари Юрий Слюсарнинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари областнинг учта шаҳри ва тўққизта районида 150 дан ортиқ дронлар ва ракеталарни уриб туширган.

Украина қуролли кучлари бош штаби Ростов областининг Каменск-Шахтинский шаҳрида «Каменский» комбинатига зарба берилганини маълум қилди – бу Россия мудофаа-саноат комплексининг «Ураган», «Смерч» ва «Торнадо-С» баравар ўт очиш реактив тизимлари, шунингдек, бошқа қатор ракета тизимлари ҳамда авиация воситалари учун қаттиқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи корхонадир.

Пойтахт мэри Сергей Собяниннинг маълум қилишича, 15 август куни кечқурундан 16 август куни тонга қадар 600 та дрон Москва региони йўналишида учирилган. Унинг сўзларига кўра, 201 та дрон Москва области ҳудудида уриб туширилган. Москва области губернатори Андрей Воробев тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Домодедово, Подолск, Ступино, Одинцово, Наро-Фоминск, Раменск, Чехов, Коломна, Кашир ва Егоревскда 187 та дронни тўхтатганини маълум қилган.

Подолскда дрон келиб урилиши оқибатида Wildberries’нинг «Коледино» саноат паркидаги омбори ёниб кетган. Бу комплексга камида иккинчи бор ҳужум қилинмоқда. Олдинги ҳужум 20 июл куни рўй берганди. Ўшанда компания ишчилар орасида жабрланганлар йўқлиги, комплекс эса одатий режимда ишлашда давом этаётганини маълум қилганди. Энди эса компания матбуот хизмати хабарида объектдаги ёнғин туфайли логистик занжир қайтадан тузиб чиқилгани айтилган.

Украинадаги мониторинг каналлар омбордаги ёнғин кўлами ва кўтарилган қуюқ тутун акс этган видеоларни эълон қилган. Украина мудофаа вазирлиги мамлакат қуролли кучлари Wildberries’нинг энг йирик 10 та логистик марказларидан еттитасини сафдан чиқаргани, Колединодаги омбор эса майдони катталиги бўйича энг йириги бўлганини (250 минг метр квадрат) маълум қилган. «Агентство» нашри ҳам июл ойида Электросталдаги комплекс ёниб кетганидан кейин Колединодаги омбор Wildberries’нинг энг йирик логистик маркази бўлиб турганини ёзганди.

Электр узатиш линиялари шикастланиши оқибатида Подолск округидаги саккизта аҳоли яшаш манзилида 110 та хусусий уй электрсиз қолган.

Домодедовода украин дронлари ҳужумидан кейин дори-дармонлар сақланадиган омборда ёнғин чиққан. Округ раҳбари Евгения Хрусталева ёнғин қуршаб олингани, аммо 56 минг метр квадрат майдондаги омбор вайрон бўлганини маълум қилган.

Москва областида тунги ҳужум оқибатида 83 ёшли эркак ҳалок бўлиб, камида уч киши яраланган. Шунингдек, Москва автомобил ҳалқа йўли (МКАД) ҳудудида уч киши жароҳатланган (бу ҳақда Собянин хабар берган, лекин тафсилотларни келтирмаган).