АҚШнинг уруш харажатлари
АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Эрон билан уруш харажатлари шу пайтгача 37,5 миллиард долларга етганини маълум қилди. У шиддатли бомбардимонлар қайта бошланганидан бери биринчи марта қонунчилар қаршисида чиқиш қилиб, уруш учун шошилинч молиялаштириш сўради.
Ҳегсет Вашингтондаги қонунчиларга 37,5 миллиард доллар — урушнинг муайян жиҳатларини ва 30 cентябргача кутилаётган харажатларни ўз ичига олишини айтди.
Пентагон бу рақамни қандай ҳисоблаб чиққани номаълум. Март ойида манбалар, Трамп маъмуриятига урушнинг дастлабки олти куни камида 11,3 миллиард долларга тушганини айтганди.
Трамп ўтган ойда Конгрессдан қўшимча равишда қарийб 90 миллиард доллар сўради. Бунинг аксарият қисми Эрон можароси билан боғлиқ бўлиб, бу урушдан норози ва оралиқ сайловларга ҳозирлик кўраётган қонунчилар билан қарама-қаршиликка замин яратди.
АҚШ ва Исроил 28 февралда Эронни бомбардимон қилишни бошлаганидан бери ҳам республикачи, ҳам демократ қонунчилар Оқ уй – уларни ўз режалари ҳақида хабардор қилмаётганидан шикоят қилмоқда.
Ҳегсет қонунчиларга агар молиялаштириш шошилинч равишда оширилмаса, ҳарбий машғулотларни қисқартиришга тўғри келишини айтди.
Уруш Пентагоннинг қарийб 1 триллион долларлик бюджетини ҳам таранглаштирди ҳамда ҳарбий хизматчиларга оид масалаларни молиялаштиришга хавф солмоқда. Штаб бошлиқлари биргаликдаги қўмитаси раиси, генерал Ден Кейн ушбу эҳтимолий харажатларни тан олди. Унинг айтишича, ҳарбийларга маош тўлаш йўлини топишса-да, Пентагон техник хизмат кўрсатиш харажатлари ва келажакдаги имкониятларга сармоя киритишда қийинчиликларга дуч келиши мумкин.
Ҳегсет қонунчиларни нафақат қўшимча маблағ ажратиш сўровини, балки 2027 йил учун 1,5 триллион долларлик бюджет сўровини ҳам тасдиқлашга чақирди.
Францияда ижтимоий тармоқлар тақиқи
Франция парламенти 2027 йилнинг январ ойидан эътиборан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш ҳақидаги қонунни маъқуллади. Бу билан расмий Париж ёшларнинг ушбу платформалардан фойдаланишини чеклаган Европадаги биринчи мамлакатга айланди.
Қонун Франциядаги ҳар бир фойдаланувчидан ижтимоий тармоқларга кириш учун ўз ёшини тасдиқлашни талаб этади. Тақиқ икки босқичда амалга оширилади:
- Сентябр ойидан эътиборан: 15 ёшга тўлмаган шахслар янги аккаунт оча олмайди ҳамда барча янги аккаунтлар учун ёшни тасдиқлаш мажбурий бўлади.
- 2027 йил январ ойидан: ушбу қоида мавжуд барча аккаунтларга нисбатан қўлланади. Бу Франциядаги ҳар бир киши ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун 15 ёшдан ошганини исботлаши кераклигини англатади.
Тақиқ кучга киргач, ижтимоий тармоқ платформалари Франция махфийликни тартибга солувчи органи томонидан тасдиқланган ёшни тасдиқлаш воситаларидан фойдаланиши шарт бўлади.
Бироқ AFP'га кўра, шахсий маълумотлар махфийлиги, ёшни тасдиқлаш воситаларининг самарадорлиги, ёшлар ушбу тақиқларни четлаб ўтиш хавфи ҳамда тақиқ ниҳоятда шошилинч ишлаб чиқилгани юзасидан хавотирлар бор.
Сўнгги бир неча ой ичида Европада ёшларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чекловчи қонунчилик шиддат билан ривожланмоқда. Франция Австралиядан кейин бундай тақиқни жорий этган дунёдаги иккинчи мамлакат бўлди.
Тақиқнинг ишлаш самарадорлигидан ташқари қўшимча хавфлари ҳам бор. Масалан, ёшларни камроқ тартибга солинадиган онлайн ҳудудларга суриб қўйиш, уларнинг сиёсий фаоллигини камайтириши мумкин.
Болоняда намойишлар
Италия бош вазири Жоржа Мелони Болоняда 42 ёшли марокашлик Абдурраҳим Факирнинг полиция ушлаши чоғидаги ўлими бўйича суриштирув ўтказишга чақирди.
«Болоняда юз берган воқеа — қабул қилиб бўлмас ҳолат», деб ёзди у. Мелони, шунингдек, Факирнинг ўлими сабабли келиб чиққан намойишлар давомида бошланган тартибсизликларни ҳам қоралади.
Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, тартибсизликлар чоғида 11 киши жароҳат олган, улардан беш нафари намойишчилар. Бироқ Италия полицияси жароҳатланган ҳуқуқ-тартибот ходимлари сони бир неча ўн кишини ташкил этишини айтди.
Ўтган якшанба куни марокашлик тадбиркор Абдурраҳим Факир полиция томонидан ушланиши вақтида ҳалок бўлганди. Ҳодисани маҳаллий фуқаро видеога олган: тасвирларда икки полициячи бир эркакни юзи билан ерга босиб тургани, у эса ёрдамга чақириб, нафас ололмаётганини айтаётгани кўринади. Бирмунча вақт ўтгач, у гапиришдан ва ҳаракатланишдан тўхтайди. Видеода, шунингдек, содир бўлаётган воқеага умуман аралашмаётган тўрт нафар тиббиёт ходими ҳам кўринади.
Полициячилар Факирни ушлаш вақтида қалампир газидан фойдаланган. Унинг танасида, бош ва юз қисмида жароҳатлар қайд этилган. Италия прокуратураси эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлдириш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатди.
Ҳалокат тасвирланган видеоёзув Болонянинг юзлаб аҳолисини кўчаларга чиқишга мажбур қилди ва бу акция полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди.
Украинада янги тайинлов
Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирскийни истеъфога чиқарди. Унинг ўрнига генерал майор Михаил Драпатий Украина Қуролли Кучлари янги бош қўмондони бўлиши эълон қилинди. У 2025 йил июн ойидан бери армия Бирлашган кучларига раҳбарлик қилиб келаётганди.
«Ҳаммамизнинг ягона истагимиз — душман устидан ғалаба қозониш. Фронтда ва Россияга тазйиқ ўтказишда уни тинчликка мажбур қиладиган шароитларни яратишдир», деди Зеленский кечки видеомурожаатида.
Унинг сўзларига кўра, ушбу қарор армияни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинганидан сўнг қабул қилинган. Зеленский Александр Сирскийга хизмати учун миннатдорлик билдирди.
Янги қўмондон Драпатий 43 ёшда, 2016 йилда у «Украина халқ қаҳрамони» ордени билан мукофотланган.
Михаил Драпатийни лавозимига тайинлашни — мудофаа вазири Михаил Фёдоров истеъфосидан сўнг Украинада бошланган оммавий намойишчиларнинг айримлари талаб қилаётганди.
Афғонистонда сув тошқинлари
Ҳафта бошида Афғонистон шарқида юз берган шиддатли сув тошқинлари оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди, 80 киши тан жароҳати олди ва 100 дан ортиқ киши бедарак йўқолди.
Табиий хатарларни бошқариш миллий агентлиги вакили Юсуф Ҳаммад йўқолганларни топиш ҳамда уларни хавфсиз жойга кўчириш бўйича қутқарув операцияси олиб борилаётганини билдирди.
«Афсуски, бугун Порун шаҳри ва Нуристон вилоятининг бошқа бир қанча ҳудудларида юз берган шиддатли тошқинлар катта талафотлар ва мулкий йўқотишларга сабаб бўлди», деди Ҳаммад. Унинг айтишича, аҳолининг уйлари, экин майдонлари ва жамоат объектларига жиддий зарар етган.
Афғонистонда давом этган ўн йиллик можаролар ҳамда хорижий инвестицияларнинг тўхташи тошқинларнинг олдини олиш инфратузилмасини аянчли аҳволга келтириб қўйган. Иқлим ўзгаришининг оқибатлари эса ушбу муаммоларни янада оғирлаштирган.
«Толибон» расмийларининг маълум қилишича, яқин кунларда мамлакатдаги 10 та ҳудудда кучли ёмғир, момақалдироқ ва шиддатли шамоллар давом этиши кутилмоқда.










