Пойтахтда аҳоли томонидан ижобий баҳоланган Шота Руставели кўчасидаги BRT йўлагини Шаҳрисабз кўчаси бўйлаб давом эттириш ишлари бошланади.

Шу муносабат билан 2026 йил 24 июл соат 01:00 дан 9 август соат 23:00 гача Шаҳрисабз кўчасининг Шаҳрисабз–Миробод–Шота Руставели айланма чорраҳасидан Амир Темур шоҳкўчаси билан кесишмасигача бўлган қисмида BRT йўлаги талабларига мослаштириш бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Маълум қилинишича, ишлар давомида мазкур кўча транспорт ҳаракати учун тўлиқ ёпилмайди. Қурилиш ишлари йўлнинг марказидаги тўртта ҳаракатланиш тасмасида олиб борилади.

Шу билан бирга, ҳар икки йўналишда йўлнинг ўнг чеккасидаги иккита ҳаракатланиш тасмаси орқали транспорт воситалари ҳаракати сақлаб қолинади.

Масъуллар ҳайдовчилардан қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишни ҳамда вақтинчалик ҳаракат чекловларини инобатга олишни сўради.