Ҳиндистон таълим вазири Дҳармендра Прадҳан талабаларнинг Деҳлидаги бир неча ҳафталик оммавий норозилик намойишларидан сўнг истеъфога чиқди. Бу ҳақда Hindustan Times хабар бермоқда.
Намойишлар иштирокчилари имтиҳонлардаги қонунбузилишлар, жумладан, миллий кириш имтиҳони (NEET-UG) саволларининг сотилиши сабабли унинг истеъфосини талаб қилишаётганди.
Ҳаракат май ойида ҳазил тариқасида бошланган эди: Ҳиндистон бош судяси Суря Кант суд мажлисида ҳукумат танқидчилари ва ишсиз ёшларни «сувараклар»га ўхшатди. Шундан сўнг Бостон университети талабаси Абҳижит Дипке ижтимоий тармоқда «агар барча суварак бирлашса-чи?» деган чақириқ билан чиқди. Ғоя тез орада миллионлаб издошни бирлаштириб, жиддий сиёсий ҳаракатга айланди.
Намойишлар Ҳиндистондаги нуфузли тиббиёт институтларига май ойида бўлиб ўтган имтиҳонлардан кейин бошланди. Имтиҳон саволлари аввалдан тарқалиб кетгани маълум бўлгач, ҳукумат барча абитуриентларнинг натижаларини бекор қилди. Бунинг ортидан бир неча киши ўз жонига қасд қилди.
«Сувараклар ҳаракати» асосчиси Абҳижит Дипке намойишлар таълим вазири истеъфосидан сўнг ҳукумат яна бошқа шартларни бажарсагина тўхташини маълум қилди. Улар орасида имтиҳон сабабли фарзандлари ўз жонига қасд қилган оилаларга 10 млн рупий компенсация тўлаш, намойиш қатнашчиларини таъқиб қилмаслик, полициячиларнинг намойишчилардан узр сўраши талаблари бор.










