Ўзбекистон миллий жамоаси ФИФАнинг навбатдаги халқаро кунлари доирасида, 6 октябр куни Жанубий Корея миллий жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади.

Учрашув корейслар майдонида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабарига кўра, Фабио Каннаваро бошчилигидаги миллий жамоа октябр ойида бир қатор ўртоқлик учрашувларини ўтказиши режалаштирилган. Жанубий Корея бу даврдаги илк рақиб бўлади.

Ўйиннинг аниқ бошланиш вақти ва ўтказилиш жойи ҳозирча маълум қилинмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси Жанубий Кореяга қарши 1997 йилдан буён ўтказилган 13 та ўйинда (шундан фақат учтаси ўртоқлик ўйинлари) бирор марта ҳам ғалаба қозона олмаган: 9 мағлубият ва 4 дуранг. Тўплар нисбати – корейслар фойдасига 29:12.

Хусусан, 2018 йилда ўтказилган сўнгги ўзаро ўйинда (ўртоқлик учрашуви) ўзбекистонликлар 0:4 ҳисобида ютқазган.

Ўзбекистоннинг тўртта дуранггидан биттаси 2015 йилги ўртоқлик учрашувида (1:1), қолган учтаси ЖЧ-2006 саралаши (1:1), ЖЧ-2014 саралаши (2:2) ва ЖЧ-2018 саралаши (0:0) ўйинларида қайд этилган.

ФИФАнинг ҳозирги рейтингида Ўзбекистон 60-ўринда қайд этилган, Жанубий Корея эса 32-ўринни эгаллаб турибди. Осиё жамоалари орасида Ўзбекистон еттинчи, Жанубий Корея тўртинчи поғонада.