Фарғона вилояти Қува туманида жойлашган Каркидон сув омбори ҳар доимгидек одамлар билан гавжум. Бугун ҳам овчилар ўз яқинлари билан балиқ овлагани келишган. Ҳаво ҳарорати пасайишига қарамай, балиқлар қармоқларга илиниб турибди. Балиқ овлашнинг гашти ҳақида моҳир овчилар билан суҳбатлашдик.

Моҳир овчилардан бири бўлган Қойил ака Абдураҳмонов Каркидон сув омборидан 17 кглик лаққа балиқ тутган экан. У деҳқончилигидан ортиб ҳафтада икки марта балиқ овига келади.

«Балиқлар айёр бўлиб кетган»

«Раҳматли отам овчи бўлган. 7-8 ёшимда отамга эргашиб овга кетардим. Неча йилдирки, балиқ овлаш ҳоббимга айланди. Буни қарангки, энди овларга набираларимни олиб келяпман.

Image
Каркидон сув омбори

Пенсияга чиққанман, ҳафтада икки марта балиқ овга чиқмасам «мазам қочади». Уйда деҳқончиликларимиз бор, уни ҳам қилиш керак. Деҳқончиликдан ортиб овга келиб дам олиб, маза қилиб кетамиз-да... Бугун сувга 6 та қармоқ ташладим.

Балиқ излаб кўп манзилларга борамиз. Яқинда Арнасой, Чустга, Чортоқ сув омборига бордим. Фаолиятим давомида мана шу Каркидон сув омборида 17 килолик лаққа балиқ овлаганман. Ўшанда Рамазон ойи эди, оғизочарга энди ўтирган эдик, шом маҳалда... Бирдан тиқ-тиқ тортиб қолди, дўстим Рустам хамроҳим эди, қайиқда ичкарига кириб кетдик. Балиқ катта бўлгани учун у билан 1,5 соат олишдик. 1,5 соатлик олишув балиқни росмана ҳолдан тойдирди. Кейин алдаб-алдаб амаллаб ушлаб олдик. Ўша воқеадан кейин ҳам 16 кглик сазан, 14 кглик «Белый амур» ушладим.

Image

Балиқлар ё ақлли, ё айёр бўлиб кетдими... Ҳозир негадир катта балиқлар чиқмай қўйди. Емлар ўша-ўша, ўша қармоқлар, мана, эски Иттифоқ маҳалидаги қармоқлар.

Буни ов деб қўйибди. Соат 13:00 бўляпти, эрталабдан бери ҳали битта ҳам балиқ ушлаганимиз йўқ лекин. Омадимиз келиб қолса, 30 кг ҳам ушлаб қўямиз, 20 кг ҳам ушлайверамиз, уйга қуруқ кетган кунларимиз ҳам бўлади. Балиқ илиниши ҳавога ҳам боғлиқ бўлади, шамол бўлиб қолиши мумкин, балиқ босимга қарайди-да», дейди моҳир овчилардан бири Қойил ака Абдураҳмонов.

Image