Украина президенти Володимир Зеленский ва маҳаллий ҳокимият вакилларининг маълум қилишича, 21 август, жума куни Кривий Рихдаги йирик савдо марказига ярим соат оралиғида икки марта дрон ҳужуми уюштирилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, зарбалар оқибатида 15 киши ҳалок бўлган, яна 130 киши жароҳат олган. Яраланганлар орасида 23 нафар бола бор. Шунингдек, 29 нафар жабрланувчининг аҳволи оғир экани, уларнинг беш нафари болалар экани билдирилган.
Кривий Рих мэри Александр Вилкул маҳаллий вақт билан соат 15:39 да савдо марказига зарба берилгани ҳақида илк бор хабар берган. Унинг маълум қилишича, ҳужумдан сўнг бинода ёнғин бошланган ва кўплаб одамлар жабрланган. Воқеа жойида фавқулодда қутқарув ишлари бошланган.
Орадан кўп ўтмай, соат 15:57 да Вилкул савдо маркази биносига такрорий ҳужум амалга оширилганини маълум қилган.
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг билдиришича, зарба берувчи дронлар икки тўлқинда ҳужум қилган. Биринчи зарба ва ундан кейин келиб чиққан ёнғиндан тахминан ярим соат ўтгач, иккинчи зарба берилган. Зеленскийнинг таъкидлашича, такрорий ҳужум қутқарув хизматлари иш олиб бораётган пайтда содир бўлган.
Днипропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжа эса Кривий Рихдаги ҳужумдан кейин вилоятда сўнгги бир сутка давомида содир бўлган зарбалар оқибатлари ҳақида маълумот берган.
Унинг сўзларига кўра, бир сутка ичида вилоятнинг тўрт туманига қарийб 60 марта дронлар, артиллерия ва авиация бомбалари билан ҳужум қилинган.
Зарбалар оқибатида кўп қаватли турар жой биноси, хусусий уйлар ва автомобиллар ҳам зарар кўрган. Ҳужумлар етказган зарарнинг тўлиқ кўлами ва бошқа оқибатларига оид маълумотлар аниқлаштирилмоқда.










