Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги кўрсаткичлари ва экспорт салоҳияти билан республикада биринчилардан бўлиб келган “Само” бренди эгаси ҳисобланган “Нил гранит” МЧЖ ўзига тайёр ип-калава етказиб берувчи ҳамкори бўлган “Chiroqchi klaster” МЧЖнинг банк олдидаги 75,8 млрд сўмлик қарздорлиги бўйича кафил бўлган, бу ҳақида кафиллик шартномаси тузилган.

Аммо орадан вақт ўтиб, кластернинг ишлари орқага кета бошлайди ва кредит мажбуриятларини бажаролмай қолади. Кейинчалик банк ва кластер ўртасидаги кредит шартномаси кафил (“Нил-гранит”)нинг розилигисиз ўзгартирилиб, фойдаланиш муддати узайтирилади ва фоиз ставкалари оширилади.

Кафилнинг розилиги олинмагани етмагандай, кафиллик шартномасига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қўшимча келишув кафил - “Нил Гранит” МЧЖ ижрочи директори ва бош ҳисобчи томонидан имзоланмаган, балки уларнинг имзоси ва жамият муҳри қалбакилаштирилган. Бу Қашқадарё вилоят ИИБ эксперт криминалистика маркази хулоасаси билан тасдиқланган.

Шундан кейин ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИБда 2025 йил 5 май куни жиноят кодексининг 228-моддаси, иккинчи қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши шу йили 5 августда “шахсни жавобгарликка тортиш муддати ўтган” деган асос (ЖПКнинг 84-моддаси биринчи қисми 1-банди) билан ҳаракатдан тугатилган.

Қарши шаҳар прокурори ишни назорат тартибида ўрганиб, 2026 йил 21 апрелда жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилган ва ишни қўшимча тергов олиб бориш учун терговга қайтарган.

“Шундан буён жиноят иши бир ечимини топгани йўқ, тергов суст кетмоқда, прокуратура етарли назорат қилмаяпти, айбдорлар жазосиз қолмоқда, бу эса бизнинг муаммоларимизни янада оғирлаштирмоқда” дейди “Само” вакили.

Компания ушбу ҳолатда Фуқаролик кодексининг 298-моддаси талаби қўлланилиши керак деб ҳисобламоқда. Унга кўра кафиллик билан таъминланган мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда кафиллик бекор бўлиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 13/150-сонли Қўшма Қарорининг 34-бандида, кафил учун жавобгарликнинг ошишига ёки бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда асосий мажбурият кафилнинг розилигисиз ўзгартирилган бўлса, асосий мажбуриятга ўзгартириш киритилган пайтдан бошлаб кафиллик бекор бўлиши ҳақида тушунтириш берилган.

Кафиллик шартномасига қалбаки ҳужжат асосида ўзгартириш киритилганлиги (жиноят содир этилганлиги) ва кредит шартномасига кафилнинг розилигисиз ўзгартириш киритилиб, юқори фоиз ставкаси оширилганлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 298-моддасини қонуний асос сифатида кўрсатиб, кафил - “Нил Гранит” МЧЖнинг кафиллик шартномасини бекор қилиш ҳақидаги даъвоси иқтисодий суднинг барча инстанцияларида кўриб чиқилиб, рад этилади.

Оқибати нималарга олиб келмоқда?

“Шу кунга қадар, “Само” номи остидаги корхоналар 500 млн АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорт қилган. Экспорт географиясини Европа (Туркия, Италия, Португалия, Англия) ҳамда МДҲ давлатлари ташкил этади.

Хорижий мамлакатлар бозорида, айниқса Хитой ва Туркиянинг енгилсаноат соҳасидаги устивор мавқеини эътиборга оладиган бўлсак, жаҳон бозорида рақобатлашиш ва бозордан муносиб ўрин эгаллаш оддий вазифа эмас.

“Само” жами уч инг нафар фуқароларни доимий иш ва мунтазам даромад билан таъминлаб келмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Миллий брендларни қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлари доирасида бренд номи остида яна ўнга яқин йирик лойиҳалар ишга туширилиш арафасида.

Аммо, Чироқчидаги “ейилмаган сомса” учун корхона бўйнига илинган юк бутун тармоқнинг ишини орқага тортмоқда. Қарийб 30 млрд сўмлик “осмондан тушган” мажбурият келгусида компаниянинг кўплаб лойиҳалари барбод бўлишига олиб келиши мумкин, дейди “Само” вакили.