Германия Федерал атроф-муҳит ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлиги давлат котиби Йохен Фласбарт мамлакатда экстремал иссиққа қарши миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди.
Унинг таъкидлашича, келаси ёз бошлангунга қадар Германиянинг барча федерал ерларида ишлаб чиқилган жазирамага қарши чораларни ягона миллий режага бирлаштириш зарур. Фласбарт иқлим ўзгаришига мослашиш бутун жамият учун муҳим вазифа эканини ва бу йўналишдаги ишлар етарлича тез суръатларда амалга ошмаётганини қайд этди.
Шу билан бирга, у Германия касалхоналарида кондиционерлар етишмаслиги масаласида Федерал ҳисоб палатасини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, Атроф-муҳит вазирлиги ижтимоий муассасаларни иқлим ўзгаришига мослаштириш дастурини амалга оширишга ҳаракат қилмоқда, бироқ назорат органи бу ишлар вазирлик ваколатидан ташқари деб ҳисобламоқда.
Фласбарт, шунингдек, ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида Германия асосий қонунига тегишли ўзгартишлар киритиш режалаштирилаётганини ҳам маълум қилди.
Роберт Кох институти баҳолашича, 2026 йил июл ойи ўртасига қадар мамлакатда экстремал иссиқ оқибатида тахминан 10 минг киши вафот этган. Бу кўрсаткич 2016 йилдан буён қайд этилган йиллик энг юқори даража ҳисобланади.











