Шарифа Салимова ўзбек шеъриятида ватанга муҳаббат, миллий ғурур, вафо, садоқат, матонат ва жасорат каби юксак инсоний фазилатларни тараннум этган ижодкор сифатида кенг эътироф этилган. Шунингдек, у оила, ёшлар тарбияси ва жамият ҳаётидаги долзарб маънавий-маърифий масалаларга бағишланган кўплаб шеърий ва публицистик асарлар муаллифи эди.
Шоира адабиёт майдонига ўтган асрнинг 70-йилларида кириб келган бўлиб, «Ҳаёт завқи», «Менинг баҳорим», «Хизр булоғи», «Етти оққуш», «Ватан суврати», «Вафонинг иффат йўли», «Бедор тун томчилари» каби асарлари билан китобхонлар меҳрини қозонган.
У машҳур хонанда ва бастакорлар билан ҳамкорликда яратган «Қаддингни тик тут, аёл!», «Ватан», «Она нидоси», «Онажон тилим», «Сендан бир дам айро тушмаймиз, Ватан!» каби қўшиқлар ҳам миллий санъатимиз хазинасидан муносиб ўрин олган.
Сўнгги йилларда оғир хасталикни бошидан кечирганига қарамай, Шарифа Салимова ижоддан тўхтамади. У 2024 йилда қатағон қурбони бўлган ўзбек аёллари тақдирига бағишланган «Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар» номли эпик шеърий романини яратди. Мазкур асар ўзбек адабиётида ушбу мавзуга бағишланган илк йирик манзумалардан бири сифатида эътироф этилди.
Шарифа Салимова мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этган. У 1999–2009 йилларда Олий Мажлис депутати, Оила ва аёллар муаммолари комиссияси раиси сифатида фаолият юритган, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида кўп йиллар давомида ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва адабиёт тарғиботига муносиб ҳисса қўшган.
Унинг адабиёт ва маданият ривожига қўшган хизматлари давлат томонидан муносиб эътироф этилиб, «Ўзбекистон халқ шоири», «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвонлари ҳамда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган эди. Шарифа Салимованинг ёрқин хотираси ўзбек адабиёти ва маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллайди.







