7 август, тунги соат 2 лар чамаси. Фарғона шаҳри Экошаҳар мавзесида изғиб юрган маст ҳолдаги ички ишлар ходими бегона аёлнинг уйига бостириб киришга уринди. Кўп қаватли уйнинг 1-қаватида яшовчи, 7 ойлик ҳомиласи бўлган Шаҳноза Олимова ўша куни икки яшар қизи билан уйда ёлғиз эди – турмуш ўртоғи хизмат сафари билан пойтахтга кетганди. Оёғида тура олмайдиган даражада маст бўлган нотаниш эркак аёлнинг деразасини тақиллатади, бир муддатдан кейин деразани ташқаридан бузиб очишни уддалайди.
Вақтида ёрдамга келган қўшнилар эркакни участкавойлар қўлига топширди. Маълум бўлишича, бу шахс Фарғона шаҳар ИИБ ходими Асадулло Абдурашидов бўлиб, аввал ҳам маст ҳолатда бировнинг уйига бостириб киргани айтиляпти.
“Ҳамкасблари уни қўйиб юборишган”
“Фарғона шаҳри Экошаҳарда яшайман. 6 августдан 7 августга ўтар кечаси соат тахминан 2:00 ларда деразам тўсатдан тақиллади. Турмуш ўртоғим хизмат сафари билан Тошкентга кетганди. Аввалига ухлаб қолган бўлсам, турмуш ўртоғим келганини билмадиммикан, дея дераза ёнига бордим.
Қарасам, бегона эркак деразам ёнида турибди. У тўхтовсиз равишда дераза ойнасини тақиллатишга ўтди. Кўча томонда 3 та дераза бор, уччаласини ҳам бирин-кетин тақиллатиб чиқди.
20 дақиқа кутдим, кетиб қолар, адашган бўлса керак, десам кетмади. Ўша куни 2 ёшли қизим билан уйда ёлғиз эдик. 7 ойлик ҳомиладорман.


102 га қўнғироқ қилдим. Орадан яна 20 дақиқа ўтгандан кейин, 112 рақамига ҳам чиқдим. Соат 2:40 лар чамаси. ИИБ ходимлари ҳали ҳам келмаган эди. Бу пайтда нотаниш эркак деразани очишга уринаётганди. Шундан сўнг ёрдам сўраб қўшни аёлга қўнғироқ қилдим.
Қўшним пастки қаватга тушгунича бегона эркак деразаларимдан бирини ташқаридан очиб, ичкарига киришга уринаётган эди. Қўшнилар кўпчилик бўлиб эркакни ушлашди. Соат 3:20 ларда участкавой келиб, эркакни олиб кетишди.
Участкавойлар уйимга бостириб кирган эркакни Фарғона шаҳар ИИБ ходими эканини билиб, қўйиб юборишган экан. Ўша эркак қайтиб келиб, “дом”имиз ёнига қўйиб кетган машинасини оёқда тура олмайдиган даражада маст ҳолатда ҳайдаб кетди. Ҳолат бўйича ИИБга ариза топширдим. Шундан кейин мазам қочиб қолди. Шифохонага олиб кетишди. Қўрққанимдан қорнимдаги ҳомила тескари бўлиб келиб қолган экан. “Роддом”га йўлланма беришди.
Орада уйимга бостириб кирган эркакнинг турмуш ўртоғи қўнғироқ қилиб, ходим авваллари ҳам шундай ҳунар кўрсатгани ҳақида айтди. Айтишларича, ўша эркак бундан аввал турмушга узатилаётган, яқинда тўйи бўлиши кутилаётган қиз яшайдиган хонадон ҳовлисига маст ҳолатда бостириб кирган. Оила шаънини ўйлаб, ходим устидан ариза топширишмаган экан.
Маст ҳолатда уйимга бостириб кирган ходим ички ишлар тизимида ишлашга нолойиқ. У бугун менинг уйимга бостириб кирди, эртага яна бошқасиникига кирмаслигига ким кафолат беради? Ходимга қатъий чора кўрилишини талаб қиламан”, дейди Шаҳноза Олимова.
“Машинани маст ҳолатда бошқариб кетди” — ёрдамга чиққан қўшни аёл
“Қўшни аёл тунда ёрдам сўраб қўнғироқ қилди. Ўғлим билан чиқдик. Оёқда тура олмайдиган даражада ичиб олган маст эркак деразани очиб қўшнимнинг уйига киришга уринаётган экан. Эркакни кўпчилик бўлиб ушладик. Кейин участкавойлар келиб олиб кетишди.
Кейин билсак, эркак ИИБ ходими бўлгани учун қўйиб юборишган экан. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан қайтиб келиб, маст ҳолатда яна машинасини бошқариб кетди”, – дейди гувоҳлардан бири.

Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, Фарғона шаҳар Нурафшон маҳалласида яшовчи аёл ҳақиқатан ҳам 7 август куни Фарғона шаҳар ИИБ ходимининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб 102 рақамига мурожаат қилган.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ томонидан ўрганиш ишлари кетаётгани, воқеага ҳуқуқий баҳо берилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланишини маълум қилинди.
Расмий изоҳда жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълумот учрамайди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Фарғона вилоятида ички ишлар тизимида кузатилган кўплаб нохуш ва шармандали ҳолатлардан кейин, жорий йил бошида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи алмаштирилган эди.










