Германия ҳукумати мамлакат Федерал разведка хизмати (BND) ҳамда бошқа махсус хизматларнинг ваколатларини сезиларли даражада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Берлин бу орқали хориждан келаётган замонавий хавфсизлик таҳдидларига самаралироқ қарши туришни мақсад қилган.
Германиянинг ntv телеканали хабарига кўра, янги тартиб BND ходимларига киберҳужумлар вақтида хорижда жойлашган IT-қурилма ва инфратузилмаларни зарарсизлантириш имконини бериши мумкин. Миллий мудофаа билан боғлиқ зарурат юзага келган тақдирда эса чет давлатлар ҳудудида диверсия операцияларини амалга оширишга ҳам рухсат берилиши кўзда тутилмоқда.
Бундестаг разведка хизматлари ваколатларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар пакетини 12 август куни овозга қўйиши кутилмоқда.
Ислоҳотларга эҳтиёж Германия ва Европада хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашгани билан изоҳланмоқда. Хусусан, Россиянинг Украинага қарши уруши фонида Германияда турли гибрид таҳдидлар кўпайгани таъкидланган.
Бунга аэропортларда портловчи моддалар билан жиҳозланган дронларнинг аниқланиши, энергетика инфратузилмасига киберҳужумлар, жосуслик ҳолатлари ва мудофаа саноати корхоналарида диверсияга уринишлар мисол сифатида келтирилган.
Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт Bild нашрига берган интервюсида режалаштирилаётган ўзгаришларни шарҳлар экан, мамлакат разведка хизматларини замонавий талабларга мослаштириш зарурлигини таъкидлаган.
Унинг фикрича, Германия махсус хизматлари дунёдаги ҳамкор разведка тузилмалари билан тенг даражада ишлай олиши керак. Замонавий давлат миқёсидаги терроризм ва экстремистик гуруҳларга қарши курашиш учун разведка органларига тезкор имкониятлар ва фаол ваколатлар зарур, деган у.
BND ахборот тўплашдан фаол операцияларга ўтиши мумкин
Ҳозирги вақтда BNDʼнинг асосий вазифаси хорижда Германия хавфсизлиги ва ташқи сиёсати учун муҳим бўлган маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишдан иборат.
Янги ислоҳотлар эса разведка хизматига “оператив” ваколатлар беришни назарда тутади. Бу BNDʼга таҳдид ҳақида фақат маълумот тўплаш эмас, балки уни бартараф этишга қаратилган муайян ҳаракатларни ҳам амалга ошириш имконини беради.
Жумладан, BNDʼга маълумотларни ўзгартириш ёки ўчириш мақсадида хориждаги компютер тизимларига кибероперациялар ўтказишга рухсат берилиши режалаштирилмоқда.















